Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасини тақдим этди. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.
2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади.
Президентимиз охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганини қайд этди.
- Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади, - деди давлат раҳбари.
Шу боис бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.
Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилишганда, ишларни экстериториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.
Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлангани таъкидланди. Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади.
- Нима учун, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатда тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади, - деди давлат раҳбари. Бу қонунчиликка амал қилиш, инсон ҳуқуқлари устуворлигининг амалий ифодасидир.
Жамшид ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро
судининг раиси.