“Соҳибкор” маҳалласидаги 11-МТМ туман бўйича энг кўркам, намунали мактабгача таълим муассасаларидан. Тарбия маскани 140 ўринли бўлиб, жажжи болакайларнинг мириқиб дам олишлари, ўйнаб-яйрашлари учун барча шароитлар муҳайё. Дам олиш, турли хил машғулотлар ўтказиладиган, овқатланиш,мусиқа хоналари кичкинтойларнинг дидига мос тарзда безатилган. Ўз касбига меҳр қўйган тарбиячилар, ошпазлар, боғча ҳамшираси Лола Усмонова кичкинтойлар хизматида. Уни 11-МТМда “Болажон ҳамшира”, деб аташади. Чунки, эрталаб боғчага кириб келаётган ҳар бир тарбияланувчи ўз касбининг билимдони бўлган ҳамшира Лола Усмонованинг тиббий кўригидан ўтади.
Дарҳақиқат жажжи болакайларнинг тоза кийиниши, қўл ва оёқ тирноқларининг олинишигаалоҳида эътибор берилади ҳамда сочлари синчиклаб текширилади. Шамоллашга чалинган болалар бўлса, уларга алоҳида эътибор берилади. Тана ҳароратиўлчаниб, тегишли муолажалар қилинади.Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади ва бу ҳақда дарҳол ота-оналар ҳам огоҳлантирилади. Машғулот ўтиладиган хоналар, ётоқхоналар ва ошхонанинг тозалиги ҳамшира Лола Усмонованинг доимий назоратида. Ҳар бир текширилган ҳудуд учун алоҳида кунлик далолатномалар тузилади.
Тайёрланаётган овқат сифатига, оқсилларга бой бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, ҳар икки-уч кунда кичкинтойларнинг бўйлари, вазнларини ўлчаш ва уларни тегишли ҳужжатларга қайд этиб бориш ҳам унинг зиммасида. Шу боисдан, бу ерда тарбияланаётган болалар соғлом бўлиб вояга етишмоқда. Шоҳида Казакова, Азиза Раҳмонқулова, Дилфуза Ғаффорова, Шаҳноза Алламуродова каби тажрибали тарбиячилар тарбиясини олаётган болажонлар “Соғломжон-полвонжон”, “Ўйла, изла, топ” каби кўнгилочар тадбирларда, спорт мусобақаларида муваффақияли қатнашиб келмоқдалар. Болажонлар жамоаси яқинда спортниг шахмат тури бўйича туман ва вилоят миқёсида ўтказилган мусобоқаларда фаол иштирок этишиб, фахрли 1-ўринни эгалладилар.
“Оналарни асранг”, “Табиат ва биз”, “Ким бўлмоқчисан?”, “Отам, онам ва мен” каби мавзуларга бағишланган тадбирларда иштирок этган ота-оналар бу ердаги тозаликни, болалар тарбиясига оид кўргазмаларни, саранжом-саришталикни кўриб МТМ ходимларидан, айниқса ҳамшира Лола Усмонованинг тозалик борасида олиб бораётган ишларидан кўнгиллари тўқ бўлишмоқда.
- Икки нафар фарзандим шу масканда тарбияланиб, айни пайтда катта ўғлимБобур мактабда ўқияпти, - дейди ота-оналардан бири Асқар Қосимов мамнун бўлиб. - У ушбу тарбия масканидаёқ ўқиш ва ёзишни қунт билан ўрганиб олди . Айни пайтда мактабда аъло баҳоларга ўқияпти. Уларнинг билимдон ва соғлом бўлишида МТМ ходимларининг ҳиссаси катта бўлди. Бу борада айниқса, ҳамшира Лола Усмонованинг меҳнатлари таҳсинга лойиқдир. Иккинчи фарзандим ҳам соғлом бўлиб вояга етаяпти.
- Биз бу болажон ҳамширамиз билан фахрланамиз, - дейди 11-МТМ мудираси Мақсуда Алимова. - У билимдон ҳамшира сифатида жамоамиз, ота-оналар ва болажонлар ҳурматини қозонган. Болалар боғчасида туман миқёсидаги семинарлар, тадбирлар тез-тез бўлиб туради. У бу тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб, ўн беш йилдирки ўзининг ташкилотчилигини, изланувчан, ўз устида қунт билан ишлайдиган моҳир ҳамшира эканлигини намойиш этмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: ҳамшира Лола Усмонова иш устида.