Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Ёшлар қаноти”, Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамкорлигида партиянинг “Тарихдан садо берувчи обод гўшалар” лойиҳаси доирасида Эрганакли МФЙ ҳудудида жойлашган “Хўжа Ҳофиз Меросий” зиёратгоҳида ёшларнинг ҳашар акцияси ташкил этилди.
Унда партия ходимлари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, Ўзбекситон ёшлар иттифоқи сардорлари, тумандаги Маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари ва ўқувчилари фаол иштирок этишди.
Лойиҳадан кўзланган мақсад ёшларни миллий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, уларда аждодларимизга бўлган ҳурматни ошириш, қолаверса, меҳнатга ўргатиш ҳамда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришдан иборат.
Ҳашар аввалида партиянинг лойиҳа ва дастури хусусида иштирокчиларга қисқача тушунча берилди. Партиянинг ташаббуси бўлган ушбу акциянинг мазмун-моҳияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир давомида зиёратгоҳ атрофлари кўкаламзорлаштирилиб, йўлаклар оқланди, ҳудуддаги мақбара ва унинг четлари ободонлаштирилди, манзарали дарахт ва гуллар экилди. Ҳашар акциясида Эрганакли МФЙда истиқомат қилувчи кекса фуқаролар ушбу хайрли иш ва ташаббус учун партия вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшларга миннатдорчилик билдиришиб, қўлларини дуога очишди.
Тадбир сўнгида, лойиҳада энг фаол иштирок этган ёшларга партиянинг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари топширилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.