“Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори асосида туманимиздаги Ғўбдин тоғи этагида 200 гектар лалмикор майдонда ёнғоқзор барпо этилди. Шу боис маҳаллий аҳолидан 70 нафар фуқаро доимий ишли бўлди.
- Пакана ёнғоқзор-интенсив боғини яратиш мақсадида 2017 йилда дастлаб ерни замонавий техникалар ёрдамида тайёрлашга киришдик, - дейди иш бошқарувчи Саиднозим Асимов. - 2018 йил баҳорида 46 минг 120 та пакана ёнғоқ кўчатлари экилди. Шундан, 6 минг донаси “Америка” ва 40 минг 120 таси “Туркия” навли пакана ёнғоқ кўчатларидан иборат.
Ёнғоқ кўчатлари томчилатиб суғорилади. Бунинг учун ёнғоқзор ҳудудида узунлиги 150 метр, эни 50 метр ва чуқурлиги 5 метр бўлган сув ҳавзаси бунёд этилди. Бот-бот каналидан келаётган лойқа сув дастлаб шу ҳовузда тинитилади. Ундан кейин юмшоқ қувурлар орқали дарахтлар томчилаб суғорилади.
Шунингдек, ёнғоқзорни сув билан узликсиз таъминлаб туриш мақсадида 2 та артизиан қудуқлари ҳам ишга туширилди. Айни пайтда ёш ёнғоқ кўчатларини парваришлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ёш кўчатлар шамолда эгилмасдан, синмасдан вояга етиши учун ҳар бир дарахт ёнига муҳофаза қилувчи қозиқлар қоқилиб, ёнғоқ кўчатлари шу қозиқларга боғлаб чиқилмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.