Ҳар куни “ойнаи жаҳон” орқали намойиш этиладиган хориж телесериаллари бошланишини сабрсизлик билан кутадиган деярли барча хотин-қизлар уй-рўзғор юмушларини бир четга қўйиб, ўзлари экран қаршисига ўтириб олиб, диққат-эътиборларини фильм намойишига қаратишади. Сериал тугагач ҳам, эртаси куни ҳам фильмдаги воқеа-ҳодисалар ҳақида фикрлашадилар, баҳслашадилар. Ҳаттоки, навбатдаги серияда нималар рўй бериши, фильм қандай якун топиши ҳақида ўзларича ҳулоса ҳам чиқариб улгуришади.
Россия Федерацияси мезбонлик қилган, яқинда якунига етган футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳам бир неча кун мобайнида телеэкран орқали мунтазам ёритиб борилди. Назаримда ҳудди телесериалларни хотин-қизларимиз қандай интиқлик ва сабрсизлик билан кутиб, сўнгра қандай муҳокама қилишган бўлса, ҳақиқий футбол ишқибозлари бўлган эркаклар ҳам аёлларимиздан кам бўлмаган ҳолатда ҳар кунги футбол намойиши бошланиши билан барча ишларини бир четга йиғиштириб қўйишиб, футбол ўйинини томоша қилишди. Футболнинг ҳақиқий ишқибозлари томонидан футболдан сўнг ҳам, эртаси куни ҳам, ҳозирги кунда ҳам жаҳон футболи қандай бошлангани, қайси гуруҳ қандай иштирок этгани, қайси команда ғолиб бўлиши керак эди-ю, кимлар ғолиб бўлишгани, ҳаттоки, қайси футболчи майдонда қандай ҳаракатлангани ҳақида муҳокама-мунозаралар давом этмоқда.
Ўғил болалар орасида футболга қизиқмаган, болаликда тўп тепмаган, тенгқурлари билан футбол ўйнамаганлари топилмаса керак.
Ҳали мактабда ўқиб юрган пайтларимизда дарслар тугаганидан сўнг дарҳол уст-бошимизни алмаштириб, чала-чулпа тамадди қилиб, дўстларим Эргаш, Валерий ва бошқа дўстларим билан футбол ўйнаш учун кўчамизнинг кун ботиш тарафидаги ҳозирги туман дам олиш истироҳат боғининг этагида янтоқзор бўлиб ётган очиқ майдонини бирга тозалаб тўп тепардик, - дейди нафақахўр Раббим Ҳотамов. - Кейинчалик бу қаровсиз жойлар туман раҳбарияти бошчилигида ободонлаштирилиб, бир қисмига дов-дарахтлар экилди, бир қисмида ҳозирги пайтдаги “Диёр” футбол майдони ташкил қилинди. Бу ишларнинг барчасида мен ва дўстларим фаол иштирок этганмиз.
1967-1968 йилларда Турсун Аҳмедов бошчилигида туман болалар ва ўсмирлар мактаби ташкил қилиниб, Борис Терентьевич Шургаев деган киши туманимиз шарафини ҳимоя қилувчи “Пахтакор” жамоасига бош мураббийлик қилар, ҳар бир кўчадан футбол ўйнаш учун келган болаларни алоҳида гуруҳларга ажратиб футбол ўйнатар, ғолиб командалардаги энг яхши ўйинчиларни саралаб, гуруҳлар ташкил қилар, сўнг уларни бошқа ҳудудлардан келган футболчи гуруҳлари билан майдонга туширарди. Шундай қилиб ўша йилларда туманимизнинг “Виноградар” жамоаси ташкил қилинди. Орадан икки йил ўтиб қишлоқ футболчилари орасида ҳудудлар бўйича ўтказилган футбол мусобақасида туманимиз қишлоқ хўжалигига техник хизмат кўрсатишкорхонасининг ишчилари томонидан ташкил қилинган “Узсельхозтехника” футбол жамоаси биринчи ўринни олиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишди ва ўша йили “Узсельхозтехника” футбол жамоаси Белоруссия Республикасидаги турнирда ғолиб бўлиб, “Олтин бошоқ” олтин кубогини қўлга киритиб қайтишди.
Ўтган асрнинг 70-90-йилларида халқимизнинг энг севимли спорт турларидан бири бўлган футболда “Виноградар” жамоаси вилоят, республика босқичларида фаол иштирок этишиб, туманимиз шарафини ҳимоя қилишар эди. Ўша пайтларда жамоага бор кучини, имкониятини ва ҳаттоки ҳаётини бағишлаган ҳақиқий футболчиларнинг фидойиликлари, жамоа аъзоларининг аҳиллик билан тўп сурганликлари боис жамоа бир неча бор республика босқичларида фахрли ўринларни эгаллашга мушарраф бўлишган. Туманимиз марказий истироҳат боғи ҳудудида бошқа туман ва вилоятлардан келган футбол жамоалари билан бўладиган учрашувларда бу ерлар футбол ишқибозлари билан лиқ тўлар ва улар жамоамизни тинмай ғалаба сари илҳомлантириб туришарди. Бугунги кунда ёши улуғ кишилар “Виноградар” жамоасининг аъзоларини, уларнинг фаолиятини мамнуният билан эслашади. Собиқ иттифоқ парчаланиб, бошқа республикалар қатори бизнинг республикамиз ҳам мустақиллик сари интилаётган, юртимиз фуқаролари учун бирмунча оғир кечаётган бир даврда ушбу футбол жамоаларига ҳам эътибор анча сусайди.
Мамлакактимиз мустақилликка эришганидан сўнг бир муддат ўтгач раҳбарият бошқа соҳалар қатори спортга ҳам алоҳида эътибор қарата бошлади. 1995 йилда туманимизнинг “Булунғур” жамоа хўжалиги ҳудудида жойлашган “Булунғур вино заводи” ишчи-хизматчиларидан ташкил топган футбол жамоаси туман ташкилотлари ва хўжаликлари футбол жамоалари билан ҳудудлар бўйича ўтказилган футбол учрашувларида ғолибликни қўлга киритишиб, вилоят босқичида ҳам биринчиликни эгаллаган, жамоа республика биринчи лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишга муваффақ бўлишган эди. Бу ютуқларнинг барчасида ўша пайтдаги завод директори Олим Назаровнинг алоҳида ҳиссаси бор. У киши жамоани транспорт билан таъминлаш, махсус кийимлар учун маблағ ажратиш, ўйингоҳни таъмирлаш ва бошқа шу каби барча масалаларнинг ҳал қилинишида бош-қош бўлган. 1995 йилда республика биринчи лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган жамоага ва футбол майдонига “Диёр” номи берилди.
Ўз вақтида “Виноградар”, кейинчалик “Диёр” номи билан машҳур бўлган, Юрий Мамедов ва Биродар Абдураимовлар мураббийлик қилган пайтларда туманимиз футболчилари жамоаси мавқеи бирмунча пасайди. Мураббийларнинг масъулиятсизликлари туфайли жамоа юқори лигаларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишди. Жамоадаги бир қанча тўп урар футболчилар турли вилоят футбол жамоаларига ўтиб кетишди.
Туманимиз футболини шарафли ҳимоя қилаётган “Диёр” жамоасида тажрибали мураббийлардан сабоқ олиб, ўз тажрибаларини, малака ва кўникмаларини оширишган, футбол ишқибозлари кўнглидан жой олган Жасур Азимов, Толиб Бойжигитов, Шуҳрат Тожибоев, Сирож Сайфиев сингари футболчиларимиз бугунги кунда “Шўртан”, “Динамо”, “Зарафшон”, “Сўғдиёна”, “Насаф” каби пешқадам жамоаларда тўп суришмоқда. Айни дамда Дилшод Азимов, Жамшид Бердиев, Аслиддин Қаршиев, Дилшод Субанов, Жасур Расулов каби футболчилар “Диёр” жамоасининг фахри ҳисобланишади. Вақти келиб улар ҳам вилоят ва республикада кўзга кўринган етакчи жамоаларга кетиб қолмаслигига ким кафолат беради? Яхши футболчиларнинг бошқа нуфузли жамоаларга бориб тўп суришларига қандай сабаблар омил бўлмоқда? 1996 йилда “Диёр” жамоаси республика биринчи лигасининг пешқадам, кучли жамоаларидан бири бўлган. Қани ўша пайтлардаги шижоат, ғайрат, спортчилардаги жўшқинлик? Кучли жамоалар сафидан ўрин олиш учун нима халақит бераяпти? Саволлар кўп, жавоблар эса... - 2017 йилгача жамоамизга ҳомийлик қилувчилар бўлмаганлиги боис футболчиларимизда бирмунча сусткашликка йўл қўйилди, - дейди “Диёр” жамоаси мураббийси Анвар Юсупов. - Яхшиямки, жорий йил бошидан буён туман ҳокимлиги томонидан эътиборга олиниб, деярли бутунлай қаровсиз ҳолга келиб қолган “Диёр” футбол майдони ва мухлислар ўтирадиган ўриндиқлар ҳамда трибуна тўлиқ таъмирлаб берилди. Лекин... ҳали ҳам спортчиларимизнинг спорт формалари, бошқа туманлар ва вилоятларга футбол учрашувларига боришдаги транспорт билан таъминланиш масаласи ва моддий жиҳатларда анчагина муаммоларимиз бор. Шу сабабдан ҳам баъзида энг яхши ўйинчиларимиз ҳам жамоамизни тарк этишмоқда.
Шу соҳага мутасадди бўлган идоралар ҳам раҳбарият билан биргаликда баҳамжиҳат, ҳамфикр бўлиб, ушбу жамоага ҳар тарафлама амалий кўмак беришса, туманимиздаги ҳотамтой ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватлаб турилса, ўйлаймизки “Диёр” жамаоси ҳам илгариги мавқеини тиклаб, мухлисларга муносиб ўйинлар туҳфа қилиб, пешқадам жамоалар сафидан ўрин олишади.
Одил ҲУСАНОВ,
Тўлқин ШЕРБОЕВ.