Бу тўқликка шўхликми,
ёки маънавий муҳтожлик..?
Инсоният тарихида ўзининг ҳам моддий, ҳам маънавий асоратларини қолдирган иккинчи жаҳон уруши йиллари чин маънода оловли, суронли йиллар бўлди. Инсоният бошига мислсиз йўқотишлар, талофат ва мусибатлар келтирган бу уруш асоратларини ҳалигача ҳеч ким унутгани йўқ ва унутмайди ҳам. Бу даҳшатли уруш Ватанимиз сарҳадларидан анча олисда юз берган бўлса-да, унинг чексиз азоб-уқубатлари ҳеч бир ўзбек хонадонини четлаб ўтгани йўқ. Урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони урушга сафарбар қилинган. Афсуски, улардан ярим миллиони жанггоҳларда ҳалок бўлган, 600 минг нафардан ортиғи ногирон бўлиб қайтди.
Фронтга отланганлар орасида 2543 нафар Булунғур фарзандлари ҳам бор эди. Урушга кетган жангчи йигитларимиздан 420 нафари уруш майдонларида, жанггоҳларда қаҳрамонларча ҳалок бўлишган. Шундай оғир ва машаққатли уруш йилларида халқимизнинг уруш бўлаётган ғарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатга мансуб 1 миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрганини, инсонпарварлик ва бағрикенгликда кўрсатган жасорати ва матонатини ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Фронт ортида қолган қариялар, хотин-қизлар, балоғатга етмаган ёшлар ва ногиронлар ҳам фронтдагиларни озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар билан таъминлаш учун тиним билмасдан ишлаган. Минглаб момоларимиз фарзандидан, ака-укасидан, ёридан айрилдилар. Уларнинг кўпчилиги жанг майдонларида абадий қўним топдилар. Шу боисдан уларнинг порлоқ хотираси учун ҳар йили" 9 май - Хотира ва қадрлаш куни" сифатида кенг нишонланади. Ҳар йили шу куни Ватан қаҳрамонлари Республикамиз Президентининг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Фармонига кўра пул мукофотлари билан тақдирланишади. Уларга совға-саломлар берилади. Шундай дориломон кунларнинг сабабчилари бўлган уруш қатнашчиларининг ҳолидан фақат байрамлардагина эмас, балки бошқа пайтларда ҳам ҳокимлик вакиллари, "Нуроний", "Маҳалла" жамғармалари, Ёшлар иттифоқи вакиллари, мактаб ўқувчилари тез-тез хабар олиб туришади.
Туман ҳокимлиги томонидан 2018 йилда туман марказидаги "Мотамсаро она" ҳайкали ва "Хотира хиёбони" қайтадан тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Атрофлари чиройли панжаралар билан ўралди. Турфа хил гуллар ва кўркам кўчатлар ўтқазилди, майсазорлар ташкил қилинди. Халқимизнинг хоҳлаган пайтда бу ерга келиб, зиёрат қилишлари учун барча шароитлар яратилди. Хотира хиёбонидаги 8 та "Хотира китоби"га уруш майдонларида мардларча халок бўлган булунғурлик ватандош боболаримизнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилди. Таъбир жоиз бўлса, бу зиёратгоҳдаги "Хотира китоби"даги ҳар бир номни улар номига атаб қўйилган қабр тоши дегим келади. Аслида ҳам шундай. Ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар доим эслаб туриш, бундай муқаддас саналмиш жойларни тоза-озода сақлаш, қадрлаш барча ёшу-қарининг бурчи эмасми, аслида.
Афсуслар бўлсинки, туман ҳокимлиги ва тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан бир неча миллион сўмлар эвазига бунёд этилган мана шундай муқаддас жойлар баъзи калтабин, ўта маданиятсиз ва бефаросат кишилар томонидан топталмоқда. "Хотира китоби"нинг жилд ва бир неча варақлари юлиб олиб кетилмоқда. Экинлар пайҳон қилинмоқда. Зиёратгоҳ майдони тобора бозорга айланиб бормоқда. Бу тўқликка шўхлик-ми ёки муҳтожликдан-ми?
Журналист Холбой Қосимовнинг "Булунғур ҳаёти" газетасининг 2019 йил 20 апрель сонидаги "Маданиятсизликми ёки тубанлик..." номли танқидий мақоласида "Хотира майдони" ва "Фозил Йўлдош ўғли" хиёбони мана шундай калтабин ва бефаросат кишилар томонидан топталаётганлиги хусусида сўз юритилиб, жумладан шундай дейилган:
- Майдонларга яқинлашган сайин турли хил "хунук манзара"ларнинг гувоҳи бўлиб, кайфиятингиз бузилади. Гўё ҳар ким ушбу табаррук жойлардан "ўз манфаати учун" фойдаланаётгандай кўринади. Майдон атрофида тирикчилик қилишаётган савдогарлар турли хил матоҳларини бетон панжараларга ёйиб қўйишади ёки панжаралар устига ўтириб олишиб, бетамизларча савдо қилишади. Бозор-ўчар қилиб чарчашган харидорлар учун ҳам "бу ер" жуда қулай жой саналади. Кимдир қўлидаги турли хил сумкаларини зиёратгоҳ ҳудудига вақтинчалик жойлаштириб, кўнгли хотиржам тортса, қайси бирлари панжаралар устига бемалол ўтириб олиб чарчоғини ёзади. Ҳатто, "Мотамсаро она" ҳайкалининг орқа томонига 4-5 киши бўлиб жойлашиб олиб, гурунг қиладиганлар сони ҳам ошиб бораётганлигига ажабланмасак ҳам бўлади...
Шунингдек, ушбу мақолада бу ерда пойафзал усталарининг жойлашиб олганликлари, хиёбонларнинг ён томонларида турли хил русумдаги енгил автомобиллар билан тирбанд бўлиши хусусида ҳам сўз юритилган.
Биз ёшларни, келажак авлодни одобли, билимли, маданиятли, зукко ва уддабурон қилиб, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб вояга етказишга масъулмиз. Лекин... ўзимизда шу нарсалар етарли бўлмаса-чи? Ахир "Хотира майдони"га нисбатан ҳурматсизлик қилаётганлар ёшлар эмас, ёши катталар эмас-ми? Эътибор берган бўлсангиз, бу ерда савдо қилаётганлар ҳам, дам олаётганлар ҳам "Хотира китоби"ни жойидан суғуриб олаётганлар ҳам катта ёшдаги кишилар-ку. Тўғрисини тан олишимиз керак, бу масканларда эрта тонгдан то шомгача одам гавжум бўлади. Биров писта чақади, яна биров тамаки чекади, бошқаси эса музқаймоқ ёки бирор егулик еб бўлгач, қоғоз ва целлофан пакетларини тўғри келган жойга ташлаб кетаверишади. Буни албатта, биров кўрмаса бошқаси кўради. "Ҳой барака топгур, ана сал нарида ахлат қутиси бор, ўша жойга ташла қўлингдагини. Нега дуч келган жойга ташлаяпсан, ёки нега бу китобларга тегинаяпсан, жойига қўй", - деб танбеҳ бермайди. "Менга нима" қабилида иш тутиб, бепарво ўтиб кетаверади. Биз тозаликка риоя қилишни, бошқаларнинг меҳнатини қадрлашни, ўтганларни хотирлашни, миллий ва Ватан қаҳрамонларини ҳурмат қилишни қачон ўрганамиз?

"ХОТИРА КИТОБИ" НЕГА ЙЎҚОЛМОҚДА?
Тўлқин ШЕРБОЕВ.