Фашизм устидан ғалаба қозонилганига етмиш уч йил тўлиши санаси яқинлашаётган бўлсада, ҳалигача жанггоҳларда фаол иштирок этиб, қонли урушлар гувоҳи бўлган, юрт шаъни, халқ келажаги, ватан ҳимояси учун отланган ватандошларимиз, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уруш ортида меҳнат қилганлар ҳукуматимиз раҳбарияти ҳамда халқимиз томонидан эъзозланиб келинмоқда. Уларнинг ҳолидан нафақат байрам ва тантаналар, шунингдек, оддий кунларда ҳам мунтазам хабар олиб турилибди. Лозим даражада ижтимоий-иқтисодий кўмак берилмоқда.
1978-1979 йилларда қўшни Афғонистон Республикаси ҳудудида халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши жанговар ҳаракатлар бошланган пайтлар... Бизлар ўрта мактабнинг битирувчилар синфида ўқиб юрган кезларимиз. Маҳалламиз темир йўлга яқин жойда жойлашганлиги сабабли кўпинча кундузи ҳам, кечаси ҳам вагонларда зирҳли ҳарбий техникалар, ҳарбий автомобиллар, қурол-аслаҳалар ортилганпоезд эшелонлари пойтахт томондан республикамизнинг жанубига қараб ўтар эди. У томонларда террорчиларга қарши аёвсиз жанглар кетаётганлигидан матбуот орқали хабардор бўлиб турардик.
1981 йилнинг эрта баҳорида ўрта мактабда бирга ўқиган беш нафарсинфдош дўстлар ҳам Ватан олдидаги йигитлик бурчимизни бажариш учун ҳарбий хизматга отландик. Бешаламиз ҳам махсус ҳарбий қисмда олти ой мобайнида жанговар тайёргарликдан ўтганимиздан сўнг бизлардан уч киши чегарада, Мирзаев Саадин ва Қўшаев Тўйчи эса чегара ортига, Афғонистон ҳудудига хизматга юборилдик. Мана, орадан қанча вақт ўтди, қанча сувлар оқиб кетди. Лекин, ўша пайтларда қўшни Афғон тупроғида қонли жангларнинг жонли гувоҳи ва иштирокчиси бўлган, халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этган туманимизнинг 207 нафар байналминалчи жангчиларининг ҳеч бирининг ёдидан ўша жанглардаги мудҳиш воқеалар, қонли урушлар хотираси кўтарилгани йўқ. Буни улар билан суҳбат чоғида фақат сўзларидан эмас, юзидаги нигоҳидан ҳам шундоққина англаб олса бўлади. Уларга бу ҳақда гап очсангиз кўпроқ мулоҳаза қилиб, камроқ гапиришга ҳаракат қилишади. Мақтанишни ёқтиришмайди, тортинишади. Жанговар ҳаракатларда амалга оширган қаҳрамонликлари учун бугун уларнинг ҳар бири ҳукуматимиз томонидан бир қанча орден ва медаллар билан тақдирланишган. Айни пайтда бу орден ва медаллар уларнинг кўкракларини безаб турибди. Бироқ... бу байналминалчилар ҳар куни, ҳамма вақт ушбу нишонларни кўча-кўйда, тантана ва маъракаларда тақиб юришга тўлиқ ҳақли бўлишсада, истиҳола қилишади. Фақат байрам ва тантаналаргагина тақиб боришади. Шу боисдан ҳам уларнинг бу қаҳрамонликлари ҳақида кўпчилик хабардор эмас, айниқса, ёш авлод. Назаримда барча таълим муассасаларида, ташкилотларда, маҳаллаларда вақти-вақти билан байналминалчи жангчилар билан уюшган ва уюшмаган ёшлар иштирокида мунтазам учрашувлар, тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш вақти келгандек.
- Афғонистоннинг Қобул шаҳридаги террорчиларга қарши жангларда беш маротаба қуршовда қолганмиз, - дейди биз билан суҳбатда дўстим, байналминалчи жангчи, бир қанча медаллар соҳиби Саадин Мирзаев. - Бир гал мана шундай қуршовларнинг бирида отишма чоғида ротамиздаги барча аскарларнинг ўқ-дориси тугаб қолди. Шунда бу ҳақда командиримизга мурожаат қилиб, нима қилиш лозимлиги ҳақида буйруғини кутдик. Командиримиз “қўшимча мадад келгунига қадар ҳаммаларинг жойларингдан жилмай, фақат “ура, олға”, деб ҳайқириб туринглар, деб команда берди. Биз қўшимча ёрдам кучлари етиб келгунига қадар командиримизнинг буйруғини бажариб турдик.
- Қўшни Афғонистон Республикаси ҳудудида террорчи ва диний экстремизм ҳаракатларига қарши жангларда десантчилар гуруҳида бўлганлигимиз сабабли ҳам тез-тез турли оловли нуқталарда жанговар ҳаракатларни амалга оширишимизга тўғри келарди, - дейди яна бир суҳбатдошим, “Қизил юлдуз” ордени, ”Жасорати учун” медали ва бошқа қатор медал ҳамда кўкрак нишонлари соҳиби, туманимизнинг “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фахрий жангчи Эгамберди Эшназаров. - Бир гал, 1980 йили Гардес шаҳридаги ана шундай жангларнинг бирида душман томонидан отилган ўқлардан бири ўнг оёғимга келиб тегди. Дарҳол госпиталга даволанишга бориб, бир оёғимдан ажралишимга тўғри келди...
Бу каби ўтмиш хотираларини ҳозир айтишга осондир, балки. Лекин, ўша пайтдаги қуршовдаги, жанггоҳдаги ҳар бир аскарнинг ҳар дақиқада хаёлидан нималар ўтгани фақат ўзига ва яратгангагина аён бўлган. Бугун жамиятимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилиб, юрт равнақига ўз ҳиссаларини қўшаётган, орамизда яшаётган 198 нафар жангчи - фахрийларимизнинг ҳар бирининг ҳаёт йўллари, кечмиш хотиралари, ўтган ҳар бир куни ўзи бир китоб, бир тарихдир. Улар бизнинг қаҳрамонларимиз. Ушбу қаҳрамонларимизнинг юрт шарафи ва ҳимояси олдидаги хизматлари эса ҳукуматимиз томонидан мунтазам эъзозланиб, қадр топиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб байналминалчи жангчилар учун бир қанча имтиёзлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Аввало, Республикамизда “Ўзбекистон Республикаси “WETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси ва ҳудудий бўлимлари, туман бўлинмалари ташкил қилинди. Айни пайтда туманимизда ҳам “Жасорати учун”, “Байналминалчи жангчи” медаллари, “Ўзбекистон Республикасининг 26 йиллиги” кўкрак нишони соҳиби, фахрий жангчи Худойберди Шодмонов бошчилигидаги туман бўлинмаси фаолият олиб боришмоқда.
- “WETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси туман бўлинмасининг асосий мақсадларидан бири Афғонистон ва бошқа чегараланган ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон жангчи-фахрийлари, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича давлат дастурларини амага оширишда фаол иштирок этиш, уларни тиббий ва руҳий жиҳатдан соғломлаштиришни ва ребилитациясини таъминлашда ёрдам кўрсатиш, ёш авлодни Ватанга садоқат ва муҳаббат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматга тайёрлашда кўмаклашишдан иборат, - дейди бўлинма бошлиғи Худойберди Шодмонов.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сонли қарорига асосан, Афғонистон Республикаси ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар ва ногиронлар 1 ва 2-гуруҳ уруш ногиронлари ва уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар, деб ҳисобланадилар. Улар учун бир қанча имтиёзлар белгиланган. Жумладан, улар даволаш-профилактика муассасаларида бепул дори-дармон олиш ва бепул овқатланиш, ҳар йили бир маротаба Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги сиҳатгоҳларга бепул йўлланма олиш, транспортларда 50 фоиз арзонлаштирилган нархларда юриш, мол-мулк солиғидан озод этиш ва бошқа бир қанча имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Жорий йилнинг 2 февраль куни Самарқанд вилоят ҳокимининг “Халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган ҳарбий қисмлар Афғонистон ҳудудидан олиб чиқарилганлигининг 29 йиллиги муносабати билан амалга ошириладиган чора-тадбирлар” режаси ишлаб чиқилди. Режага кўра 2018 йил 15 февраль куни вилоят ҳокими Т. Жўраев ташаббуси билан вилоятимиз ҳудудидаги “WETERAN” жангчи-фахрий бўлинмаларидан 150 нафари таклиф қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабри ва Амир Темур мақбарасига зиёрат уюштирилди. Улар учун Самарқанд шаҳридаги “Зилол бахт” ресторанида бир пиёла чой ташкил қилинди. Шу куни бундай тадбир туманимизда ҳам туман ҳокимлиги ва туман мудофаа бўлими томонидан уюштирилиб, 100 нафар жангчи-фахрийларимизга иззат-икром кўрсатилди. Бугун биз бу жангчи-фахрийларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак арзийди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг мухбири.