Инсон – жамият таянчи, ҳаёт бўстонининг боғбони. У жамиятни меҳнати билан яшнатиши учун ўзи ҳам яхши яшаши, муаммолардан холи бўлмоғи керак. Инсон омилига эътибор мамлакат миқёсида кучайтирилаётгани, унинг турмуш тарзини гўзаллаштириш ва фаровонлаштириш учун кенг миқёсда зарур чоралар кўрилаётганининг сабаби ҳам шунда. Бу йўналишда туманимизда ҳам амалий ишлар бажарилаётгани юрт равнақи ҳамда инсон омилининг турмушини юксалтириш ва фаровонлаштиришдек эзга мақсадларни кўзлайди.
Яқинда Соҳибкор маҳалласидаги Маиший хизмат касб-ҳунар коллежида туман ҳокими Б. Бахрамовнинг Соҳибкор, Бўдана, Оқтош, Гулзор, Мингчинор, Эрганакли, Нурли йўл маҳаллалари фаоллари ва фуқаролари билан учрашувида шу ҳудудларда яшаётган аҳолининг турмушида ноқулайликка сабаб бўлаётган салбий омиллар ўрганилди. Жумладан, аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришда узилишлар бўлаётгани, келтирилган газ баллонлари нархида номутаносиблик кўзга ташланаётгани фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаяпти. Эски симёғочлардаги носозликлар электрдан фойдаланишда хавф туғдираётган жойлар бор. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун реконструкция ишлари амалга оширилиши зарур. Айрим фуқаролар биометрик паспорт олишда муаммоларга дуч келишаяпти. Ишсиз аҳолининг иш билан таъминланиши учун нималарга эътибор қаратиш керак? Шу ва бошқа кўплаб масалалар бўйича фикрлашилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.
Худди шундай учрашув Килдон маҳалласидаги Саноат касб-ҳунар коллежида ҳам ўтказилди. Унда Авлиё Парпи, Бешкуви, Килдон, Кичик Килдон, Чўянтепа, Сайилтепа, Сарпичоқ, Сулувқўрғон, Хўжабачча, Хўжамазгил, Чорбоғ маҳаллалари фаоллари ва фуқароларининг муаммолари ўрганилиб, уларга ечим изланди. Учрашувда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси ўринбосари А. Маллаев номлари қайд этилган маҳаллалар фуқароларини қийнаётган муаммоларни эшитиб, тадбирда қатнашган туман Тиббиёт бирлашмаси, ички ишлар бўлими ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда уларни бартараф этиш чоралари кўрилишига ваъда берди.
Туман раҳбарларининг бундай учрашувлари бошқа жойларда ҳам ўтказилаяпти.
Ўз мухбиримиз.