Яқинда туманимиздаги 55-умумтаълим мактабида ижодкорлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда ушбу мактабнинг “Ёш ижодкорлар” тўгараги аъзолари билан туманимизда яшаб ижод қилаётган, “Ватан туйғуси”, “Тинчлик куйи” шеърий тўпламлар муаллифи, шоир Рўзибой Холмирзаев ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Тўлқин Шербоевлар иштирок этишди.

Учрашувда сўзга чиққан Р. Холмирзаев ва Т. Шербоевлар қатнашчиларга ўз ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб бериш баробарида ижод намуналаридан шеърлар ҳам ўқиб беришди. Ўз навбатида тўгарак аъзоларидан Нилуфар Эшмаматова, Маржона Мелисовалар ҳам она Ватанга, бетакрор табиатимизга, жонажон юртимизга атаб ёзган шеърларини ифодали тарзда ўқиб, иштирокчилар олқишига сазовор бўлишди.

Тадбир сўнгида шоир Рўзибой Холмирзаев ушбу ўқув даргоҳининг кутубхонасига ўз муаллифлигидаги “Ватан туйғуси” ва “Тинчлик куйи” номли шеърий тўпламларидан тақдим қилди. Шунингдек, тадбирда фаол иштирок этган тўгарак аъзоларига ижодкор Ғуломжан Ўроловнинг “Армонли дунё” номли ҳикоялар тўпламини улашди.

Тадбир мазмуни ўтиши билан барча иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.
