ЁШЛАРДА КАТТА ТААССУРОТ ҚОЛДИРДИ.
Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ва туман халқ таълими ташаббуси ҳамда ИИБ ҳамкорлигида Булунғур МФЙ ҳудудидаги “Ёшлар кутубхонаси”да ёш ҳаваскор шеърият ихлосмандларининг туманимизда яшаб ижод қилаётган катта ёшдаги шоирлар Рустам Бердиалиев, Рўзибой Холмирзаев, Ҳамроқул Маҳмудовлар билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда туманимизнинг ҳамма мактабларидаги шеъриятга ихлос қўйган ўқувчи қизлар ва ўғил болалар иштирок этишди. Учрашув давомида шоирлар ўзларининг ёзган шеърларидан намуналар ўқиб беришди.
Ўз навбатида 17-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Муслима Хушбоқова ўзи ёзган “Ўзбекистон”, “Устозим”, “Ота-она” каби шеърларини ўқиб берди. Шунингдек, 26- мактабнинг 8-синфўқувчиси Дилафрўз Эркинова, 7-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Адҳам Умурзоқов, 6-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳло Яхшибоева, 3-мактабнинг 9- синф ўқувчиси Камол Алибоев, 41-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Нарзигул Синдорова, 38-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Иброҳим Сафаров, 31-мактаб ўқувчиси Соҳиба Фармонқуловалар ҳам ўз ижодларидан намуналар ўқиб беришди.
Учрашувни бошқариб борган шоир Рустам Бердиалиев ёш шоирларга шеър ёзиш усуллари ва услублари ҳақида тушунча бериб ўтди. - Ижодкорликка қизиққанлар учун китоб энг катта устоз, - деди шоир Рустам Бердиалиев. - Қанча кўп китоб ўқисаларингиз фикрларингиз шунча тиниқ бўлади.

Тадбир давомида ёш ижодкорлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар. Учрашув давомида Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан 5 миллион 991 минг 645 сўмлик 792 дона бадиий китоблар туманимиздаги 66 та умумтаълим мактаблари кутубхоналарига совға сифатида топширилди.
Учрашувда иштирок этган ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Ғайрат Маматов кўп китоб ўқиган, китобхонлик билан шуғулланган ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик бўлмаслиги тўғрисида ўз фикрларини билдирди ва ёшларни қизиқтирган саволларига ҳаётий мисоллар орқали жавоб берди.
Раббим ҲОТАМОВ.
Муаллиф олган сурат.