Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партияси Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги V1 конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда ўтган беш йил давомида республикамизда бўлгани каби туманимизда ва партия ҳаётида ҳам улкан ижобий ўзгаришлар бўлганлиги хусусида сўз борди.
Жаҳон миқёсида эътироф этилган ривожланишнинг "Ўзбек модели" амалга оширилишида Ўзбекистоннинг ютуқлари ва истиқболлари, жаҳон иқтисодиётининг чуқур ва давомли инқирози шароитида иқтисодиётни инқироздан асраш бўйича кўрилаётган самарали чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилаётганлиги дунё ҳамжамиятини лол қолдирмоқда. Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган бир қатор янги қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари, жумладан "Ижтимоий шерикчилик" тўғрисидаги, "Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги каби қонунлар партиянинг дастурий мақсадларини амалга оширишда янада кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман Кенгаши ўз фаолиятини партия устави ва дастури билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси" ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан тасдиқланган 2015-2019 йилларга мўлжалланган партия амалий ҳаракат дастурига мувофиқ ҳамда бир қатор Давлат дастурлари асосида иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши айни пайтда 33 та бошланғич партия ташкилотлари ва унга бирлашган 2151 нафар партия аъзоларига таянган ҳолда иш олиб боришмоқда. 2014-2019 йиллар давомида туман Кенгаши ижроия қўмитасининг 30 та йиғилиши ўтказилиб, унда 45 та масала кўрилди. Кенгаш томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари учун ўқув семинарлари ва партиянинг ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилмоқда. Кенгаш томонидан ҳайит байрамларида кам таъминланган оилалар, ногиронлар, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари берилмоқда. Шунингдек, "Соғлом авлод соғлом оилада камол топади" лойиҳаси доирасида туман Тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, оилаларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳозир партиянинг туман Кенгаши қошида жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилган бўлиб, қабулхонага ўтган беш йил давомида жами 202 нафар фуқаролар турли масалалар бўйича мурожаат этишган. Мурожаатлар туман ҳокимлиги ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўз ечимини топди.
Конференцияда дастлаб Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши раиси Бахтиёр Раджабовнинг Кенгашнинг 2014-2019 йиллар давомида амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. У ўз сўзида партия аъзолари сони йилдан-йилга ошиб бораётганлиги, хусусан ҳозирда аъзолар сони 2151 нафарни ташкил этишини, шундан 660 нафарини аёллар, 300 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши, 610 нафар партия аъзолари олий маълумотли, 149 нафари давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида фаолият юритаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, депутатлар томонидан ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, имтиёзли ипотека кредитлари билан таъминлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда депутатларнинг тегишли ташкилот ва идораларга депутатлик сўрови юбораётганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Шундан сўнг депутатлик гуруҳининг раҳбари С. Алибоевнинг Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг ўтган даврдаги ишлари тўғрисидаги ҳамда тафтиш комиссиясининг раиси С. Отабоеванинг Кенгашнинг 2014-2019 йиллар давомидаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботлари тингланди.
Конференцияда Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ҳабибулла Тиркашев иштирок этди. У туман Кенгаши, тафтиш комиссияси ва депутатлик гуруҳининг 2014-2019 йиллардаги фаолиятига ижобий баҳо берди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди. У туман Кенгашининг ўтган даврдаги фаолиятини қониқарли деб топиш таклифини билдирди.
Конференцияда депутатлар вилоят Конференциясига делегат ва вакиллар юбориш учун номзодлар сайлашди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

ФАОЛЛИК – МАВҚЕНИ МУСТАҲКАМЛАШ
Тўлқин НУРАЛИЕВ.