Оммавий ахборот воситаларининг мафкура майдонида ўз ўрни бор. У жамиятга, халққа холис, ҳаққоний, тўғри ахборот бериши, барчани эзгу ишларга чорлаб, бунёдкорликка ундаши, ғараз мақсадларни кўзлаб, бузғунчилик руҳидаги маълумотларни тарқатмаслиги керак. Нотўғри ва бузғунчилик руҳидаги маълумотлар инсонларнинг фикрлашига, дунёқарашига, онгига салбий таъсир қилиб, уларни хато йўлларга бошлаши мумкин. Афсуски, эфирга чиқаётганида ана шу ҳаётий ҳақиқатни тан олмай, унга амал қилмай, ҳаётий ҳақиқатлардан йироқ, ёлғон-яшиқ маълумотлар билан тўла мавзуларни оммага тарқатаётганлардан бири "Озодлик" радиостанцияси саналади.
Бу радиостанциянинг эфирга узатаётган мавзулари дунёнинг турли бурчакларидаги воқеа-ҳодисаларга муносабат кўринишида. Айтайлик "фалон жойда ундай бўлди, фалон жойда бундай..." У Ўзбекистон ҳаётидан ҳам кўплаб материаллар узатаяпти. Уларнинг ҳаммаси ҳаётий ҳақиқатга мосми? Афсуски, йўқ!
Бугун юртимизнинг ҳамма жойлари катта ва қизғин ислоҳотлар майдони, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ривожланиш йўлидан шахдам одимлаяпти. Буларнинг барчаси Ўзбекистон чиройига чирой қўшиб, яқин вақт ичида янада кўркамлаштириб, иқтисодини юксалтириб, халқимиз турмушини фаровонлаштиради. Бизнинг бу каби эзгу ишларимизга хайрихоҳлар албатта, дўстона муносабатда бўлаяпти. Тирноқ остидан кир излаб, оқни қора, яхшини ёмон деб кўрсатувчилар, жумладан "Озодлик" радиостанцияси эса баъзан бунга бутунлай тескари фикрлар айтади. Дунёқараши соғлом киши ёлғон маълумотга чалғимайди, афсуски, айримлар бунга ишониб, носоғлом фикрлар тузоғига тушиб қолишаяпти.
Бугун юртимизнинг ҳамма жойларида халқни огоҳликка, ҳушёрликка ундовчи шиорлар, даъватлар кўзга ташланади. Бу бежиз эмас. Мафкура майдонида кескин кураш кетаётган бир пайтда ўзини, оиласини, юртини бало-қазолардан асраш инсондан огоҳлик ва ҳушёрлик, соғлом фикр ва соғлом ҳаракат талаб қилади. Буни ҳамма тушуниши, унга амал қилиши ҳаёт талабидир.

ЁЛҒОН АХБОРОТ – ЗАҲРИ ҚОТИЛ, у инсон онгини заҳарлайди
Пўлат ҒАФФОРОВ.