Бугунги глобаллашув, ахборот-коммуникастия технологиялари даврида ҳаётимизни интернетсиз, мобиль қурилма воситаларисиз тасаввур қила олмаймиз. Аммо биз ундан фойдаланишда чегараларни йўқотиб қўймаяпмизми? Ўзимизни англаяпмизми?
Орамизда ўзини қабиҳлик, разолат уммони ҳисобланган диний экстремизм, терроризм, одам савдоси каби ботқоқликка ботираётган “инсон"лар сафи кўпаймоқда. Улар муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англамай, диний экстремизм тўдалари сафига қўшилиб қолмоқда. Бунга асосан "ўргимчак тўри"даги жилоланган ёлғон "ёлқин"га кўр-кўрона интилиш сабаб бўлмоқда.
Замон ривожи ишимизни осонлаштирди
Ҳақ гап. Ахборот технологияларининг кескин ривожи қўл меҳнатини анча осонлаштириб, техника орқали ишлаш имконини берди. Қўл меҳнати орқали баъзи ишларга кўп вақт сарфлар эдик. Ҳозирда бир жойга бориш, ким биландир боғланиш, оғиримизни енгил қилишда техниканинг бизга берган имкониятларини таърифлаш шарт эмас. Керак бўлса баъзи ташкилотларга электрон ҳужжат юбориб, ишимизни осон ҳал қилаяпмиз. Лекин ажабланарлиси шундаки, вақтимизни қанча тежасак, ишимизни техника бажарса-ю биз яна вақт етишмовчилигидан қийналсак. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
Виртуал дунё каттаю-кичик онгини бирдек эгаллаб олди
Бугун дунё бўйлаб кенг фойдаланилаётган ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар чегара билмаяпти. Виртуал ҳаёт кундалик турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Инсоннинг ўз қобиғидан чиқиши дунёни ёлғон ва сохта нигоҳлар билан кўришига сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар одоб-ахлоқ чегарасини бузиб ўтмоқда. Бу ўзгача олам инсонни ишдан чалғитаётгани бир масала бўлса, сохта муҳаббат ва дўстлик муносабатлари кўплаб оилаларнинг бузилишига олиб келаётгани ачинарлидир. Бу тузоқ нафақат ёшларни, балки ҳали-ҳануз ўзини англамаган катта ва ўрта ёшлилар ҳаётига ҳам чуқур кириб келмоқда. Жуда кўп одамлар виртуал мулоқот, деб ҳақиқий воқеликдан воз кечмоқда. Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқ ва виртуал мулоқот уммони каттаю-кичикни бирдек қаърига тортаётир.
Эрта турамиз, кеч ётамиз. Кундалик ташвишлар билан югурамиз. Қанча ҳаракат қилсак ҳам ишларимиз чала қолаверади. Улгурмаймиз. Баҳонамиз ҳам бор: вақт етмайди, иш кўп.
Аслида ҳам шундайми? Аввал ҳам иш кўп бўлган. Аммо ҳеч бўлмаганда оила даврасида бўлиш учун вақт ажратилган. Энди-чи? Биз ҳатто уйда ҳам телефон аппаратини қўлимиздан туширмаймиз. Бу кетишда нима топиб, нималарни йўқотамиз?
Ўйлаб кўрсак, инсонлар ўзини англамаётгани натижасида бугун етарлича дам ололмаяпти. Ҳеч бир ишга улгурмаяпти. Яқинлари, ота-онаси, ҳатто фарзандлари ҳолидан хабари йўқ. Меҳр-оқибат туйғулари ноёблик касб этаяпти. Шундай эмасми?
Ўзини кўз-кўз қилиш касаллиги
Нима демоқчи эканимизни тушундингиз. Чунки бу сизу биз учун ҳам янгилик эмас. Ўзини кўз-кўз қилиб, суратию, ёзган пости учун рағбат кутаётган танишларимиз қанчадан-қанча. Бунинг яхши тарафи ҳам бор экан. Ёмон ўй-хаёлларни билмаган-танимаган одамларга айтиш (яъни пост қолдириш) туфайли кайфият кўтарилади. Инсон енгил тортади. Бундан ташқари, бирор марта бўлсин кўрмаган инсонга нисбатан хоҳласа ижобий, хоҳласа салбий фикр изҳор этиш мумкин. Бу инсоннинг ўз назарида атрофдагиларга таъсир этиши ёки мустақил фикримга эгаман, деган туйғунинг шаклланишига олиб келади.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар, виртуал олам одамларнинг таъсири, обрў-эътиборига баҳо бериш, ўзимизни кўрсатиб қўйишнинг янги, ўта замонавий кўринишига айланиб қолди. Бу жиҳатлар оилаларнинг барбод бўлиши, самимиятнинг йўқолиши, баландпарвоз сўзларга ишониш, ўзлигини ҳис этмаслик, инсоний фазилатларни қадрламаслик каби иллатларни бошлаб келаётгандек. Виртуал ўрмонда инсонлар ва асл туйғулар йўқолиб кетаётгандек. Вақтимизни борича олиб қўяётган бу олам бизни кино ва театрлардан, меҳмондорчиликдан, яқинларимиздан ҳол-аҳвол сўраб йўқлашдан, китоб ўқишдан чеклаб қўймаяптими?!
Туйғуларни оммага ошкор этиш уят
Ёши элликни қоралаб қолган бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси кеча тунда отасидан айрилганини ёзибди. Ўзининг аза кийимидаги суратини жойлаштирибди. Энди ўйлаб кўринг. Уйида келим-кетим, таъзия бўлиб турса-ю, баъзилар отаси ўлгани учун тушган расмига виртуал "дўстлар"дан "лайк" йиғиб ўтирса. Ёки яна бир мисол. Фарзанди ўтган йили шу кунда автотранспортда вафот этганини хотирлаб пост қўйган отанинг аҳволига кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан киши.
Интернетдаги расмлару изоҳлар, ширин сўзлари учун "севиб" қолгач, кўпчилик енгил-елпи муносабатларга ўрганиб қолаяпти. Ҳамма нарса ҳақиқий ҳаётдагига қараганда жуда осон. Тез танишасан, осонгина дўстлашасан ва тезда ажрашиш ҳам мумкин. Нима бўлаётганини ҳатто ўйлаб ўтириш ҳам шарт эмас. Кейинчалик нимадир ёқмай қолса, унутиб юбораверади. Ҳаётда турли қийинчилик ва муаммоларга учраётганлар ижтимоий тармоқларда жуда фаол.
Шу ўринда бир гап. Ижтимоий тармоқлар асосан ўз ҳаётидан норози бўлган одамларни бирлаштираётгандек кўринади.
Аммо ўша оламда сизни қўллаб-қувватлаб турган инсонлар сизга дўст бўла оладими? Оғир кунда ёнингизда турадими? Кези келса, йиллар давомида таниган-билган "яқин"ларингиз панд беради.
Кўп ҳолларда бир-бирини танимайдиган одамлар нима ҳақида суҳбатлашади? Танишув сайтларида вақтини ўтказаётганлар мароқли суҳбат қураётгандек бўлади. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши керак. Бу суҳбатлар натижаси шахсий ҳаётингизни бузишга киришаяптими, демак сиз хато йўлдасиз.
Уйғонинг, бу туш эди
– Ижтимоий тармоқда бир йигит менга ошиқлигини айтди, – дейди талаба қиз Гулноза Жабборова. – Бир марта эмас, кўп такрорлади. Бошида ишонмадим. Лекин унинг гаплари, мақтовлари менга ёқарди. Кейин телефон орқали гаплашадиган бўлдик. Кўришдик. Бир-биримизни ёқтирдик. Мен унинг ширин сўзларига маҳлиё бўлиб қолгандим. Дарсларга қизиқмас, деярли бошқалар билан гаплашмасдим. Менга у керак эди. Аммо бу хатти-ҳаракатим ҳаётимни барбод қилишини англамабман...
Баъзан қани энди уйғонсаму, ҳаммаси туш бўлиб чиқса, деймиз. Аммо чин ҳаёт шундай аччиқ-чучуги, азобу изтироблари, муҳаббату хиёнати билан тотли ва қизиқ. Муҳими, ёнингизда туриб далда бераётганни кўрасиз, ҳис қиласиз, севсангиз чин севасиз. Ҳамма нарсани борича қабул қиласиз. Виртуал оламнинг найрангларидан огоҳ ва ҳушёр бўлинг. У онгингизни эгаллаб, ўз йўриғига юритмасин. Кўрмаган инсонингиз юзи ва сўзига қандай ишонасиз? Ўзингизни, яқинларингизни, энг биринчи навбатда фарзандларингизни ушбу таъсирли ҳолатлардан ҳимоя қилинг. Ўзингизни англанг.
Барно МЕЛИҚУЛОВА,
ЎзА мухбири.
ЎзА мухбири.