Аслида менинг ҳам томирларимда бахши шоир қони бор. Шерали бувам, яъни онамнинг отаси Булунғур достончилик мактабида фаолият кўрсатган шоирлардан бири бўлган. Шу боис бўлса керак, халқ оғзаки ижоди менинг жони дилим.
1947 йил Фозил Йўлдош ўғлининг 75 йиллиги кенг нишонланди. Тадбир шоир истиқомат қилаётган Лойқа қишлоғидаги мактабда бўлиб ўтди. Тошкент шаҳридан кўплаб шоирлар, ёзувчи ва адабиётшунослар тантанага ташриф этишиб, Фозил отани 75 ёши билан қизғин қутлашди. Мен ўша пайтларда ўша мактабда оддий ўқитувчи бўлиб ишлардим. Тантанада мен ҳам Фозил отага бағишлаб ёзган шеъримни ўқиб, олқиш олдим. Тантаналар сўнгида севимли адибимиз Асқад Мухтор олдимга келиб:
– Ука, сиз адабиётга қизиқадиган йигитга ўхшайсиз. Иложи бўлса Фозил отага кўмак бериб туринг, - дедилар. Шу-шу бахши-шоир даргоҳи иккинчи уйимга айланди.Эҳ-ҳе, Фозил ота билан қанчалаб дилтортар суҳбатлар қурганмиз. Фозил ота ўтмиш ҳақида гапиришни хуш кўрмасди. Баъзан болалиги ҳақида сўраб қолсам: “Қўй, ўша кунларни эслатма”, дея узоқ тин оларди. Шоир билан суҳбат асносида у кишининг термаларини қандай қилиб яратишига гувоҳ бўлганман. Шоир мени адабиёт билан янада яқинлаштирди.
Мен Фозил отанинг маслаҳати билан Тошкент давлат университетининг филология факулътети журналистика бўлимига ўқишга кирдим. Ҳар гал қишлоққа келишим билан Фозил ота ҳузурига шошиламан. Суҳбатимиз тезда авж олиб кетарди. Отахон шоир қўлларига дўмбирасини олиб, қуйилиб келаётган терма ва достонларни мароқ билан куйларди. Мен эса зерикмай, унинг ҳар бир сатрини диққат билан тинглаб, қалбимга жо этардим. Зеро, бугун ҳаётда не яхши нарсага эришган бўлсам бу, аввало, устозим Фозил отанинг кўмаги биландир.
Ҳасан бобонинг айтганлари:
(Ҳасан бобо Қобилов (марҳум) – Булунғур туманидаги “Чавқи” фолъклор этнографик халқ достончилигининг фаол иштирокчиси эди).
Ҳасан бобонинг гаплари менга Фозил отанинг: “Достон айтиб машқ қилай, деб келдим тўйга, Гулхан ёниб “Чавки” бўлган дала жога” – деган мисраларини эслатди.
– Ҳасан ака, Фозил шоирнинг “Қултой чўлоқ” деган ҳажвий термасини эшитганмисиз? – деб сўрадим.
– Эшитганман, Фозил шоир бизнинг уйга тез-тез келиб турарди, - гап бошлади суҳбатдошим. – Ўша пайтлари мен ёш бола эдим. Ҳозир тўқсонга бордиму, ёшликда кўрган-кечирганларим, кексаларнинг суҳати эсимда қолган.
Отамнинг ёши Фозил шоирнинг ёшидан улуғ эди. Шунинг учун бўлса керак, сен-сенлаб гаплашар эди. Ўчоққа тараша қалаб ўт ёқаётганимизда:
– Ассалому-алайкум, Қобил ака, – деб Фозил шоир келиб қолди. Отам алик олиб кўришдилар.
– Хўп яхши келибсан-да, Фозил. Қани юқорига ўт, – деб тўрдан ўрин кўрсатдилар, отам. Улар сўрашиб бўлгач отам:
– Дўмбирангни ола келмабсан-да, Фозил, - деб сўраган эдилар:
– Олов ёниб, уй исийверсин, дўмбира ҳам топилиб қолар, – деб жавоб берди Фозил шоир. Кейин билсак, дўмбирасини қўйнига солиб ўтирган экан. Овқатдан кейин дўмбирасини чертиб , Алпомиш билан Бодомбикачнинг ўлан айтишувидан:
Ҳави, сенинг янгажон,
Равишингдан ёр-ёр.
Зебодайин бу майин,
Товушингдан ёр-ёр.
деб завқ билан ўлан айтиб берди.
- Баъзан шундай суҳбатларда, - деб ҳикоясини давом эттирди Ҳасан бобо, - Фозил шоир кўрган-кечирганларини, достон айтишни қандай ўрганганини, давлатманд кишиларнинг хасис ва зиқналигини айтиб, уларнинг шаънига ҳажвий термалар тўқир эди, суҳбатдошларини кулдириб, даврани қиздириб ўтирар эдилар. Шундай суҳбатларнинг бирида отам раҳматлик ундан:
- Фозил сен бу ҳунарни қандай ўргангансан? - деб сўрадилар. Фозил шоир шундай деб жавоб берган эди:
- Йўлдош отанинг тўртта туяси бўлар эди. Шу туяларни бўзга олиб чиқар эдим.
Кун бўйи янтоқзорда туя боқиб, Йўлдош отадан эшитган достонларни машқ қилар эдим, кечқурун қайтишда ҳам қишлоққа етгунча ҳиргойи қилардим.
Бир куни билганларимни айтиб келаётсам, Йўлдош ота боғда ишлаб юрган экан, овозимни эшитиб, йўлга яқинроқ келибди, тинглабди. Ўша куни кечқурун мени чақириб олиб:
- Айтганларингизни эшитдим, ўғлим, зеҳнинг яхши экан, энди сенга бир дўмбира ясатиб берайин, дўмбира билан айтишни ўрган, - дедилар.
Тез орада Ўрай қишлоғидаги уста Суярқулга дўмбира ясатиб келдилар. Шундан кейин тўй-маъракаларга ҳам эргаштирадиган бўлдилар. Кейинчалик ўзим ҳам тенқурлар орасида, тўй-давраларда достон-термалар айтадиган бўлиб қолдим, - дедилар.
– Бир сафар келганларида, - деб ҳикоясини давом эттирди Ҳасан бобо, - Қултой чўлоқ ҳақида гапирган эдилар.
– Қултой чўлоқ Ғабур қишлоғидаги Эргашбойларга қариндош бўлар эди. Қултой суннат тўй қилибди, элга ош берибди. Тўйга дўмбирасини кўтариб Фозил шоир ҳам борибди. Тўйнинг “Чавки” сида Фозил шоир ҳам достон айтибди. Қултой чўлоқ шоирнинг меҳнатини менсимабди. Шундан кейин Қултой чўлоқнинг ҳасис ва очкўзлигини таърифлаб, ҳажвий терма тўқиб, Қобил бобога айтиб берган экан.
– Фозил шоир бу термасини тенгдошлари даврасида кўп айтаркан, – деб сўзини давом эттирди Ҳасан бобо.
Қултой чўлоқ буни эшитибди.
– Ке, қўй, тўйгарчиликда бўлади-да, шу қўшиғингни бошқа айтма, – деб Қултой чўлоқ Фозил шоирдан кечирим сўраган экан.
– Айтма деган билан айтилган-да.
Бу термани биз бугун ҳам айтиб ўтирибмиз, - деб ҳикоясини якунлади Ҳасан бобо...
Биз Ҳасан бобо билан шоир ҳақида узоқ суҳбатлашдик...
Мелибой РАҲИМОВ, фахрий журналист. |