Ёзнинг ўта иссиқ ҳавосида Булунғур ариғидаги сувдан таралаётган салқинлик Янгиобод МФЙ ҳудудидаги "Музқаймоқ оромгоҳи"да туризмни ривожлантириш бўйича ўтказилган "Бахшичилик сайили"га йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
Туман ҳокимлиги ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши ташаббуси билан "Бахшичилик сайили"да меҳмонлар ва мезбонлар учун шундоққина Булунғур ариғи қирғоғида жойлашган мўъжазгина оромгоҳ атрофидаги мажнунтоллар соя-салқинида тўкин дастурхон ташкил этилди.
Миллийлигимизга хос бўлган тўкин дастурхонларни туманимиз маҳаллаларидаги пазанда хотин-қизлар, қайнона-келинлар томонидан тайёрланган тансиқ таомлар - манти, чучвара, гўжа, ширгурунч, палов, сомса, бичак, патир нон, қатлама, уй нони, кулча, шунингдек, турли ширинликлар, пишириқлар, пирожний ва тортлар, ҳар хил рангдаги яхна ичимликлар, ўрик, гилос, олхўридан тайёрлаган компотлари ва мурабболар безаб турибди. Миллий ифтихоримиз бўлган пахта гулли чойнакларда дамланган кўк чой ва пиёлалар меҳмонларга мунтазир.
Оромгоҳнинг ўзига хос паст-баландликлардан иборат чиройли йўлаклари миллий урф-одатларимизни акс эттирувчи каштачилигимиз билан безатилди. Миллий либослардаги дилбар қизларимиз юзларида беғубор табассум билан сайил меҳмонларини нон-туз билан кутиб олдилар.
Туман ҳокими Баҳодир Баҳромов бошчилигидаги меҳнат фахрийлари, маҳалла оқсоқоллари, фидоий инсонлар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар миллий удумга кўра нон-туздан татиб кўрдилар.
Меҳмонлар дастлаб Фозил Йўлдош ўғлининг ҳаёти ва ижодидан ҳикоя қилувчи фотолавҳалар билан танишдилар. Бахшиларнинг термаларини мириқиб тингладилар.
Қадим анъана ва қадриятларимизни ўзида мужассамлаштирган ушбу сайилда Сирдарё вилоятидан ташриф буюрган Дилмурод бахши Гулмуродов, Нуробод туманидан келган Шавкат бахши Бобомуродов, булунғурлик Шерқўзи бахши Норбековлар ўтган замонларда бахшичилик бешигини тебратган, Булунғур достончилик мактаби асосчиси Фозил Йўлдош ўғли айтган ва ёзиб қолдирган термалар, достонларни мириқиб куйладилар.
- Фольклоршунос олим Малик Муродов Фозил Йўлдошга "Ўзбек Гомери", - дея таъриф берган эди, - дейди булунғурлик Шерқўзи бахши Норбеков. - Унинг ижодини ўрганиш, сайқаллаштириш, Булунғур бахшичилик мактабини қайта тиклаш олдимизда турган масъулиятли вазифаларда. Бугун бахшиларимиз Фозил Йўлдош ўғли айтган термаларни ўз йўналишларида ижро этишди. Бир-биримиздан такрорланмас бу санъатнинг ўзига хос услубларини ўргандик, тажриба алмашдик.
Сайил давомида туман Маданият бўлими мақомчилари, "Чавқи" фольклор-этнографик халқ ансамбли шўх куй-қўшиқлари, миллий рақс ўйинлари билан сайилга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Ёш ўғил болалар миллий ўйинларимиздан ланка тепиш, чиллик ўйини, от ўйини, қизлар эса тошчалар билан ўйналадиган миллий ўйинларимизни намойиш этдилар.
Маҳаллалардан ташриф буюрган момолар ип йигириб, пахта чивиб, беланчакдаги болага алла айтаётган момолар даврасида туман ҳокими Баҳодир Баҳромов шундай деди:
- Сизларни кўриб ёшлигим эсимга тушиб кетди. Менинг ҳам момоларим сизларга ўхшаб ип йигириб, пахта чивиган, алла айтишган, - деди самимий кулиб.
Момолар даврасида ўтирган 65 ёшли шоира Меҳринисо Умурзоқова бугунги фаравон ҳаётимиз ҳақидаги шеърларидан ўқиб берди. Фаол момолардан бири Кимё Бердалиева қадим замонларда момоларимиз айтган аллалардан хиргойи қилиб берди. Яна бир момо - Сарвар Ҳайитова қўлда гилам тўқиш ишларини кўрсатди. Маҳаллаларнинг фаол момоларидан Мунаввар Каримова, Бувсара Қулжонова, Мушарраф Мирсолиева, Баён Қоратоева, Бувраҳима Норматова, Гулсара Мусаева, Ойша Санаева, Жумагул Мелиева, Шарофат Ўташевалар қадим момоларимиз удумлари асосида саҳна кўринишларини намойиш этдилар.
- Ёшлигимдан Ўзбекистонга боришни орзу қилиб юрардим, - дейди Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан келган сайёҳ Марина Муравёва. - Серқуёш Ўзбекистон, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри ҳақида кўп ўқиганман. Туризм шарофати билан бу орзуларим ушалди. Ҳақиқатдан ҳам юртингиз серқуёш экан. Атроф 45 даража иссиқ бўлиб туришига қарамасдан бу "Музқаймоқ" оромгоҳидаги соя-салқинни кўриб жаннатга келиб қолдим-ми, деган хаёлга бордим. Ҳақиқатдан ҳам юртингиз жаннатмонанд экан. Меҳмондўстликларингиз, бағрикенгликларингиз учун барчага ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман.
туман ҳокимлиги бош мутахассиси.
Раббим ҲОТАМОВ
суратга олган.