Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгашининг маҳаллаларда ёшларга оид давлат сиёсати дастури ижросини таъминлаш мақсадида маҳалланинг энг аълочи ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини тақдирлашга бағишланган форум 9-сонли Мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирокчилар “Баркамол авлод болалар маркази”, 9-сон Мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг турли йўналишдаги тўгараклар ярмаркаси билан танишдилар. Ўз иқтидорини намойиш этган ўқувчилар тайёрлаган турли пишириқлар, пазандачилик маҳсулотлари, расмлар чизиш, тўқиш ярмаркаси, марказ фаолиятига оид кўргазмалар, уларнинг тайёрланиш жараёнлари, расм чизиш, фотосуратлар ва бошқалар ташриф буюрган меҳмонлар ва тадбир иштирокчиларига иқтидорли ўқувчилар томонидан шарҳлаб берилди.
- Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Оила институти ва фуқароларнинг ўзин-ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини кучайтириш, ёшлар ўртасида тарихий хотира, юксак маънавият, ўзек халқининг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантириш, Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш учун, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёзги дам олиш вақтида форзандларини ёзги дам олиш оромгоҳларига, турли фан, спорт, тўқувчилик, пазандачилик, расм чизиш, рақс, ашула тўгаракларига жалб қилишдан иборат, - дейди Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдунаби Маллаев.
Тадбирда аълочи ўқувчиларга Фахрий ёрлиқлар, китоблар, қимматбаҳо совғалар, уларнинг ота- оналарига “Ташаккурнома” берилди. Тадбир иштирокчилари шундай ажойиб фарзандлар тарбиялаётган ота-оналарни олқишладилар.
Раббим ҲОТАМОВ.