Яқинда “Булунғур ҳаёти” рўзномасининг 10 июлдаги сонини кўздан кечираётиб, журналист Холбой Қосимовнинг “Гилоснинг нархи қинча?” сарлавхали танқидий мақоласини ўқиб қолдим. Бугунги кунда гилосларимизнинг бозори чаққонлиги, харид қилинаётган нархи эса жуда арзонлиги, шунингдек, бу борадаги машаққату-машмашалар, маҳсулотниянада арзон олиш пайида бўлган олибсотарларнинг тилёғламачиликлари, найранглари, ҳийлалари ҳамда “Гилос бозори”даги тартибсизликлар, оворагарчиликлар хусусида ушбу мақолада кенг ва атрофлича фикр юритилганлиги мен сингари барча газетхонларимизда ҳам катта таассурот қолдирган бўлиши аниқ.
Танқидий мақолани икки-уч маротаба қайта ўқиб чиқибўйланиб қолдим. Хаёлимни эса беихтиёр қуйидаги фикрлар чулғади.”Сув танқислиги ҳукм сураётган, қолаверса, не-не азоб-уқубатлар билан етиштирилаётган маҳсулотларимизнинг нега қадри йўқ, улар сув текин ва арзон баҳоларда сотиляпти? Жумладан, гилоснинг шифобахшлиги, инсон организми учун фойдали хусусиятлари, “бозори чаққонлиги” ҳақида кўп гапириляпти. Шундай экан, қайта ишловчи корхоналарда бу каби ноёб меваларни янада кўпроқ қабул қилишнинг чора-тадбирларини кўриш вақти келмадимикин? Гилоснинг баҳоси бозорда арзон, сув текинлигини эшитиб, яна уни бозорга олиб бориш шартмикан, деб ўйлаб қоласан киши. Ундан кўра бошқа мевалар каби гилосни ҳам ”қоқ” қилиб ташласа бўлмасмикан? Қиш ойларида ундан витаминли, хуштаъм ичимликлар тайёрлаш имконияти бўларди”.
Бир ҳафталар бўлди чамамда, ёнқўшнимиз билан ушбу мавзудасухбатлашиб қолдик. Маълум бўлишича, у ҳам турмуш ўртоғи билан Булунғур шаҳридаги “Деҳқон бозори”га 5-6 сатил “аччиқ гилос” олиб борган экан. Гилосни 800 сўмдан олибсотарларга топширишбди. Улар гилосни елим (пласмас) яшикларга ағдаришганида гилоснинг “қоқиб терилган”лигини билиб қолишибди ва “Завод гилос олишни тўхтатган, биз ўзимиз бу гилосларни бозорда сотиш учуноляпмиз”, деб дарҳол ўзларига қайтариб беришибди. Шунда қўшнимнинг турмуш ўртоғи олибсотарларга “Ҳеч бўлмаганда килосини 300 сўмдан олинглар”, деб роса ялинибди. Фойдаси бўлмабди. Охир-оқибат гилосни ахлатхонага тўкиш гуноҳи азим бўлади, деб яна таксига буютма беришиб, қайтариб уйларига олиб келишиб “қоқ” қилиб ташлашибди. Чорасини топа олмаган айрим кишилар эса “қоқилган” гилосларини ахлатхонага тўкиб ташлаганларининг гувоҳи бўлишибди.
Ҳар қачонгидан ҳам мўл-кўл мевалар етиштирилаётган жорий йилда бошқа турдаги меваларнинг тақдири қандай кечаркин? Уволига қолмасмиканмиз? Деҳқонлар ва хонадон сохибларининг меҳнати қачон ўз қадрини топиб, кўксига шамол тегади..
Олим СОАТМУРОДОВ,
“Бўдана” маҳалласи.