Ўтган йили “Булунғур ҳаёти” газетасининг 20 ноябр сонида “Кўчалардаги “қора доғлар” сарлаваҳали танқидий мақоламизда Булунғур шаҳри кўчаларида юз бераётган нохуш ҳолатлар, яъни ахлат-чиқиндилар уюмлари, кўчаларда сақланаётган қурилиш материаллари, турли хил техникаларнинг эскирган қисмлари, қолаверса, ғашимизга тегаётган бундай салбий ҳолатларнинг кўчаларимиз номига мутлақомос келмаётганлиги ва ҳуснини бузаётганлигини танқид қилгандик. Тўғри, ушбу танқидий мақола чоп этилганидан сўнг туман ҳокимлиги томонидан бу борада тегишли чора- тадбирлар ишлаб чиқилиб, нафақат Булунғур шаҳри кўчаларини, қолаверса тумандаги барча маҳаллалар ҳудудларидаги кўчалар, ариқларни турли хил ахлат уюмлари ва чиқиндилардан тозалаш борасида бир мунча ишлар амалга оширилганди.
Юртимиз бўйлаб “Наврўз”умумхалқ байрами нишонланиши арафасида афсуски, маҳаллаларда, билим масканларида, корхона ва ташкилотлар ҳудудларида, кўча-кўйларда, қабристонларда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари қизғин тус олаётган бир пайтда, айниқса,шаҳримизнинг айрим марказий кўчаларидаюқоридаги сингари нохуш ҳолатларнингяна кўзга ташланаётгани кечирилмас холдир. Яқинда байрам арафасида жойларда тозалик ва ободонлаштириш ишларининг боришини, қолаверса шаҳримиздаги реклама паннолари, кўргазмали воситалар ҳамда панноларнинг ҳолатини яқиндан ўрганиш мақсадида кўчаларни айланиб чиққанимизда ана шундай нохуш манзараларнинг гувоҳи бўлдик.
Дастлаб Чаманзор кўчасига ташриф буюрганимизда ушбу кўчадаги “салбий ҳолатлар”нинг кўча номига мутлақо мос келмаётганлигига гувоҳ бўлдик. Бир километрдан узунроқ бу кўчанинг ярми Истиқлол, ярми Меҳржон номли маҳаллалар ҳудудларида жойлашган. Ушбу кўчанинг 3-4 жойига хонадонлар соҳиблари томонидан тошлар, қумлар, бетон қоришмалари қолдиқлари, тупроқлар тўкиб ташланган. Бу ҳам етмагандек, кўчанинг айрим жойларида турли хил ахлатлар, чиқиндилар уюмига дуч келасиз. Чаманзор 2-тор кўчаси, 2-уйда истиқомат қилувчи хонадон соҳиби Абдумалик Мавлоновга юзланиб:
- Нега уйингизнинг рўпарасига тошларни, бетон қолдиқларинива бошқа чиқиндиларни тўкиб ташлабсиз? Бу “матоҳлар”ни кўчада қачонгача сақлайсиз, ука? Бу ёғи байрам яқинлашиб қолди, ҳамма жойда тозалик-ободонлаштириш ишлари кетяпти, - дедим. Шунда у:
- Ўзим ногиронман, қурилиш қиляпман, қурилишим тугамаяпти, кучим етмаяпти, - деди.
- Кучингиз етмаса маҳалладан ёрдам сўрамадингизми? Ахир бу тошлар, чиқиндидлар уюмлари қачонгача кўчада ётади, - сўраймиз Абдумаликдан. У елка қисди.
Шу кўчанинг Истиқлол маҳалласи ҳудудидаги Чаманзоркўчаси, 13-уй рўпарасига тош тўкилган. Тош ҳали-бери ишлатилмаслиги аниқ, Бу уй асли марҳум Ҳамдам Мамашкуровга тегишли бўлган. Ҳозир бу ерда ўғли яшаяпти. У ҳам “Яқинда қурилиш қилмоқчимиз, қурилишни бошласак тошни ишлатамиз”, деган мужмал жавоб қилишдан нарига ўтмади. Қурилиш қачон бошланади, тош қачон ишлатилади, буни ким билади? Бундан ташқари, Ўзбекистон кўчасининг айрим жойларида ҳам хонадон соҳибларининг уйдаги чиқиндиларини турли хил “идиш”ларга, целлофан пакетларга солиб, катта кўча ёнига чиқариб ташлаганларининг гувоҳи бўласиз. Увайсий кўчасидаги “Булунғур шоҳбекати” ёнида ҳам ахлат уюми бетартиб сочилиб ётганлиги дарҳол эътиборингизни тортади.

Шаҳримиздаги, қишлоқлардаги кўчаларни юқоридаги сингари чиқиндилардан, нурилардан, ахлатлардан, турли хил қурилиш материалларидан ва бошқа нарсалардан тозалаш учун нима қилишимиз керак? Бу борадаги ишларни давримизнинг юксак талаблари даражасида ташкил этишга нима халақит беряпти? Нима қилсак, шаҳримизни тозалик ва ободонлаштириш ишлари намунали тарзда ташкил этилган ҳудудлардан бирига айлантирамиз? Бу хайрли ва эзгу ишларни амалга оширишга ҳисса қўшиш ҳар бир булунғурликнинг муқаддас бурчи бўлмоғи керак. Қолаверса, бу муҳим ишларни кўнгилдагидек ташкил этиш, амалга ошириш учун туман, маҳаллалар фаолллари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, кенг жамоатчилик, хонадонлар соҳиблари қалб амри билан ўз ҳиссаларини қўшишлари керак, деб ўйлаймиз. Акс ҳолда... кўчаларимиз кўркига “қора доғ” сифатида раҳна солиб турган бундай нохуш манзараларга чек қўйиб бўлмайди.
Холбой ҚОСИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
туман бўлими раҳбари,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.