у билан оғриганлар узоқ умр кўриш мумкин
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё бўйича қандли диабет касаллигига чалинган беморлар сони 425 миллион нафарга етган. Бу қайд этилган беморлар сони. Аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Минг афсуски, бу касаллик нафақат катталар, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда. Қандли диабет ўзи қандай касаллик? Бунинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Бундай беморларга қандай ташхис қўйилади? Беморлар қандай даволанади? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида туман эндокринолог шифокори Собир Юнусовга мурожаат қилдик.
- Қандли диабет касаллиги сабаблари ҳақида маълумот берсангиз.
- Ҳаётимиз давомида ишда, оилада турли нохушликлар бўлиши мумкин. Бунинг натижасида бирдан жаҳлимиз чиқади, асабларимиз таранглашади, стресс ҳолатга тушамиз. Бу ҳам қандли диабет касаллигига замин яратади. Шунингдек, бу касаллик насл-дан-наслга ўтиши ҳам мумкин.
Қандли диабет бугунги куннинг глобаль муаммоларидан бири ҳисобланади. Бу касаллик асосан модда алмашинуви, яъни биринчи ўринда углевод алмашинуви, глюкоза алмашинуви, ёғлар ва оқсиллар алмашинуви касаллиги ҳисобланади. Ошқозон ости безида инсулин ишлаб чиқадиган модда бор. Инсулин моддасининг етишмовчилиги туфайли глюкозанинг ҳужайра ичига кира олмаганидан қанд касали келиб чиқади. Ичкари ҳужайра ичига кира олмаган инсулин қон таркибида қолади. Қонда глюкозанинг кўпайиши кишида чанқоқликни чақиради. Кўп сув истеъмол қилинганда глюкоза пешоб орқали чиқиб кетади. Шунинг учун беморнинг биринчи шикояти: "оғзим қуриб, кўп сув ичаман" деб мурожаат қилади. Хуллас, бир сўз билан айтганда, организмда ўша инсулин моддасининг етишмаслиги ёки инсулиннинг ҳужайраларга нисбатан сезилувчанлиги пасайиб кетиши натижасида қонда, умуман танада қанд миқдорининг ортиб кетиши қанд касали дейилади.
Қанлди диабетнинг биринчи тури билан кўпроқ болалар ва ўсмирлар касалланишади. Бу касалликнинг болалар ва ўсмирларда пайдо бўлишига эътибор берсак, организмда ёғ таначалари пайдо бўлиши натижасида ички ҳужайраларнинг нобуд бўлишида кўринади. Болаларда қандли диабетнинг пайдо бўлиши кучли вирусли касалликлар ёки қаттиқ қўрққанлиги натижасида ҳам бўлиши мумкин. Бундан ташқари, сабабсиз касаллик, яъни наслдан-наслга ўтиши мумкин.
- Қандли дабетнинг белгилари қандай намоён бўлади?
- Кўпинча чанқаган кишилар қандли диабетга чалиндимми, деб ўзларини текширтиради. Касалликнинг илк белгиларидан тез чанқаш, вазн йўқотиш, тез чарчаш, тез-тез пешобга чиқиш, ҳолсизлик, умуман олганда модда алмашинуви орқали белги беради. Бемор овқатни кўп истеъмол қилади, кўзи яхши кўрмай қолиши мумкин. Ана шу белгилар пайдо бўлганда тезда шифокорга мурожаат қилишлари керак. Касаллик қанча тез аниқланса, шунча тез беморга ёрдам берилади.
- Айни пайтда туманда бу касалликка чалинган беморлар сони қанча? Уларга қандай тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда?
- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, қандли диабет касаллиги глобал муаммога айланди. Афсуски, бизнинг туманимизда ҳам кейинги йилларда қандли диабет касаллиги бор беморлар сони анчагинани ташкил этмоқда. Бугунги кунда катта ёшли беморлар сони 3 мингга яқин, болалар ва ўсмирлар эса 77 нафарни ташкил этмоқда. Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхши, дейишади. Шундан келиб чиқиб биз - шу соҳа шифокорлари туманимиздаги маҳаллаларда аҳоли билан суҳбатлар ташкил қилаяпмиз. Уларга бу касалликнинг олдини олиш учун тавсиялар берамиз. Суҳбат давомида бу касалликка гумон қилинганларни тиббий лаборатория текширувидан ўтказамиз ва керакли маслаҳатларни берамиз. Бу ишларда даволовчи шифокор Бекмурод Жуманов ва болалар эндокринолог шифокори Ашурхол Раҳмонқуловаларнинг астойдил меҳнатлари самара бермоқда. Беморларимизга янада яхши тиббий хизмат қилишимиз, уларнинг соғлигини тиклаш учун биринчи навбатда инсулин уколи, инсулин таблеткалари, шунингдек, қондаги қанд миқдорини пасайтирувчи таблеткалар зарур бўлади. Афсуски, бу укол ва дорилар туманимизда етишмайди. Биз бу ҳақда Республика соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилганмиз. Лекин, ҳозиргача етарли дори-дармонлар билан таъминлай олмаяпти.
- Собир Сафарович, қандли диабет касаллиги билан оғриган беморларни бутунлай соғайтириб юборса бўладими? Ёки улар узоқ умр кўришлари мумкинми?
- Бемор буткул соғайиб кетади десам, алдаган бўламан. Лекин, бу касаллик билан ҳам узоқ умр кўриш мумкин. Бунинг учун энг аввало, даволовчи шифокор маслаҳати ва тавсияларига қатъий амал қилиш, ёғли овқатлардан, вазни ошишидан эҳтиёт бўлиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарур. Стрессга берилмаслик, ҳар қандай шароитда кайфиятини туширмаслик керак. Жисмоний тарбияни ҳар кунги иш деб қабул қилиш даркор. Ана шундагина бемор ўзида қанд миқдорининг ошиб кетишига йўл қўймайди ва узоқ умр кўради.
-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Суҳбатни Ғулом ЎРОЛОВ ёзиб олди.