Тамара хола (исм-фамилиялар ўзгартирилган) учун суднинг “қора курси”си бегона эмас. Негаки у киши сўнгги ўттиз йил ичида бир эмас, нақ тўрт марта шу курсига ўтиришига тўғри келган. Бу галгиси эса бешинчиси. Қизиғи шундаки, барчасида сабаб ўз яшаш ҳовлисида мунтазам равишда қонун билан таъқиқланган, таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “Кўкнор” гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб, истеъмол қилиб келганлиги.
Бу йил 75 ёшни қаршилаган 7 нафар фарзанднинг онаси, ўнлаб невараларнинг бувижониси Тамара хола айни фарзандлар ардоғида, неваралар қуршовида умргузаронлик қиладиган пайтда “қора курси”да ўтирганига ҳам пушаймон эмасдек, гўё. Акс ҳолда шундай нуроний ёшда бундай қинғир ишга қўл урмаган бўларди.
Таъқиқланган экинларни етиштиришганлиги учун бир неча бор судланган Тамара хола бу йил ҳам эрта баҳорда, борлиқ уйғонаётган пайтда, бободеҳқонлар ерга уруғ қадаётганда неварасини ёнига олиб, ҳовлидаги бир парча жойни чопиқ қилиб, ерга уруғ қадашга киришди. Хола неварасига уруғларни қай ҳолатда экилишини кўрсатиб турди. Ҳеч нарсадан бехабар невараси ҳовлига анвойи гуллар экилаётганидан хурсанд ҳолда жон-дили билан бувисининг айтганларини сўзсиз бажарарди. Ортиб қолган гул уруғларидан еттитасини хола гултувакларга ўтқазди. Аслида экилган бу гул уруғлари гиёҳвандлик воситаси саналмиш “Кўкнор” уруғлари эканлиги фақатгина Тамара холага аён эди.
Меҳр билан парвариш қилинган “Кўкнор” гиёҳвандлик ўсимлиги айни гуллаш пайтида туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган назорат текшируви давомида Тамара холанинг яшаш уйи ҳовлисида 530 туп ва 7 тупи гултувакларда парвариш қилинаётганлиги аниқланди.
Суд ҳайъати, судга оид наркологик экспертизасининг хулосасига кўра Т. Турдиевада опийли гиёҳвандлик белгилари мавжудлигини, ЖКнинг 96-моддасида кўзда тутилган мажбурий даволаш чоралари 60 ёшдан ошганлиги сабабли қўлланилмаслик лозимлиги кўрсатилганлиги боис, унга нисбатан мажбурий даволанишни белгиламасликни ва ушбу масалани ҳукмнинг қарор қисмида қўшимча равишда кўрсатиб ўтмасликни лозим топди.
Суд, судланувчи Т. Туррдиевага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 270-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.