Мамлакатимизда бугунги кунда олиб борилаётган ҳайрли ишлар инсонни улуғлаш, қадрлаш, ҳурмат-иззатини жойига қўйишга қаратилган. Инсон омилига яратилаётган барча яхшилигу эзгу ниятлар Ватанимизда амалга оширилаётганини кўриб қувонасан киши. Хусусан аввало, кексалар, нуронийлар, ногирон ва аёлларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликни ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сонли қарорига асосан "Ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини "Кексалар ҳафталиги" деб эълон қилиниши фикримизни исботлаб турибди. Халқимиз азалдан ахлоқий қадриятлар, эзгу амаллар, ота-онани эъзозлаш, устоз ва мураббийга ҳурмат, кичикларга иззат, яхши қўшничилик, ўзаро меҳр-оқибат каби фазилатларни кенг тарғиб қилиб келганлиги ҳаммага аён. Айниқса, ўзидан катталарга эҳтиром, кекса ва нуронийларни эзозлаш каби халқимизнинг қадимий одатлари қон-қонимизга сингиб кетган.
Мана бир неча йилдирки, октябрь ойининг биринчи ҳафтасини байрам сифатида кутиб олаяпмиз. Бу борада туманимиз ҳокимлиги ҳамда туман Нуронийлар жамғармаси барча нуронийлар учун имкон қадар иззат-ҳурматини қилиш, бир пиёла чой устида суҳбатлар уюштириш, азиз ва мўътабар жойларни зиёрат қилиш, касалманд ва хасталар ҳолидан хабар олишдек эзгу ишларни амалга ошириб келаётганлиги биз нуронийларни хурсанд қилмоқда. Ўтган йили туманимиз Нуронийлар жамғармаси томонидан Ватанимиз пойтахти Тошкент шаҳрига саёҳат қилдик. Янги Ўзбекистон боғини, очиқ майдондаги музейини кўрдик. Амир Темур бобомиз ҳамда Биринчи Президентимиз И.Каримовлар ҳайкалларига гулчамбарлар қўйдик, Қуръон тиловат қилдик. Яқинда эса ҳокимият вакиллари ҳамда Нуроний жамғармаси билан биргаликда туманимиздаги ногирон кексалар ҳолидан хабар олдик. Улар моддий ва маънавий рағбатлантирилди. Бундай ишларни кўриб ўзимиз ҳам завқландик, ҳузур қилиб, янада ёшаргандек бўлдик.
Имом Бухороий бобомиз ривоятига кўра Набий саллалоҳи алайҳи вассалламнинг "очни тўйдиринглар, беморни зиёрат қилинглар, асирни озод қилинглар" деган сўзлари бугунги кунда ҳаётимизда тадбиқ этилаётганлиги кишини чиндан ҳам қувонтиради. "Агар касални эрта билан кўришга борсангиз сиз билан етмиш минг фаришта бирга бориб кечгача истиҳфор айтади, кун ботгандан кейин касал кўришга борса етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунча истиҳфор айтади, жаннатда хурмо билан мукофотланади" (Имом Бухорий ривояти). Ана шундай ота-боболаримизнинг ажойиб удумлари, одатлари ва инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати бугунги кунда ҳам ўз эъзозини топмоқда. Албатта, бу барча ишларимиз, қилаётган эзгу амалларимиз ортида энг аввало азиз неъмат - тинчлик турибди. Тинчлик учун мамлакатимиз раҳбарлари қанчалик иш олиб борилаётганлигини бугунги дунё воқеаларидан кўриб, эшитиб турибмиз. Ҳозирги алғов-долғов урушлар, зўравонлик, босқинчилик бўлаётган мамлакатлар халқларининг аҳволига бир назар ташланг. Буни шарҳлаб ўтишга ҳожат қолмайди. Дунёнинг қай бир жойида "бугун тинч ёта оламанми?", "бирон бомба ёки мина портламайдими?", "болаларимни қандай сақлаб қоламан?", деган ўй-фикр бир зум ҳам хаёлдан кетмаётган қанчадан-қанча одамлар, халқлар, болалар, бегуноҳ оналар борлиги ҳеч кимга сир эмас-ку.
Мана, мен 78 ёшга кирдим, кун ҳисобига 28489 кун қуёшни кўрибман. Буни нега мисол қилиб келтирдим. Ахир Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллалоҳи вассаллам, - мен бир кун бугун ҳам қуёшни кўрдим, - деб шукрона айтар экан. Демак, мен 28489 маротабо худога шукрона айтишим керак. Буни ҳар инсон - ёшу-қари бир ўйлаб кўрса жуда яхши бўлар эди. Шунинг учун ҳам тинч, осойишта Ватанда яшаганимиздан қанча фахрлансак арзийди. Бир ўйлаб кўринг, дунёда энг улуғ зот - бу Она. Она сўзи фақат Ватанга қўшиб айтилади. Ватанимиз ободлиги, халқимизнинг озод яшаши, дини, тили, эрки ҳеч ким томонидан поймол қилинмайди. Бу Қомусимиздаги қонунлар мажмуаси билан ҳимоя қилинган.
Яна бир ҳақиқат: буюк бобомиз Амир Темур "Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсанг, биз қурган иморатларга боқ", - деб бежиз айтмаган. Ҳозирги шаҳар ва қишлоқлардаги осмонўпар бинолар, йўллар ва бошқа муҳташам бинолар - барча-барчаси халқ учун яратилмоқда ёки халққа хизмат қилмоқда. Қарийиб 80 йиллик ҳаётимда бундай ўзгариш ва ривожланишни ўз кўзим билан кўриб турибман ва ундан баҳраманд бўлмоқдаман.
Кечагина маҳаллада яна "Кексалар ҳафталиги"ни тантана билан байрам қилдик. Бу байрамни кексалик гаштини сураётган онахону-отахонлар зўр тантана билан ўтказдик. Тантаналарда маҳалла раислари Худойберди Усмонов, Қаҳромон Қаршиевлар биз нуронийларга жуда яхши хизмат қилишди. Шунингдек, тадбирда ҳожиларимиз Соатмурод Норматов, Аббос Худойназаров, Иноят Расуловлар иштирок этишди.
Туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг нуронийлар бўйича маслаҳатчиси О.Ахмедов, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси, "Булунғур ҳаёти" газетаси муҳаррири Ғ.Ўроловлар нуронийларни табриклаб, давлатимиз, Президентимиз ғамхўрлиги ҳақида тушунча бердилар ва байрам билан қутладилар.
Ватанимизда кексалар учун кўплаб қарор ва фармонлар чиқарилмоқда. 2022 йил 19 январдаги "Бир нуроний ўнта ёшга мураббий" ҳақидаги қарор ёшларимизга тарбия беришда асосий йўлланма бўлди. Ёшларнинг иш билан таъминланишида кўпни кўрган кекса нуронийлар бош-қош бўлишмоқда. 2022 йил 15 мартдаги қабул қилинган қарор Нуронийлар жамғармаси учун янги саҳифа очди. Барча қулайликлар янада ёрқинроқ белгилаб берилди. Бепул тиббий хизмат учун имконият, турли тадбирларни ўтказиш учун 50 млрд. сўм ажартилганлиги, 2 та автобус сотиб олинишига рухсат берилганлиги, дам олишга бепул бориш ва бундан бошқа нуронийларга кўпдан кўп имкониятлар яратиб берилди.
Энди ўйлаб кўринг, қайси мамлакатда шунчалик улкан имтиёз ёки шароит яратилган. Хулоса қилиб айтганимизда, ғамхўрлик, ҳурмат эъзоз, инсон тақдири ҳамиша давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда. Шунинг учун ҳам Президентимиз ва давлатимиздан миннатдор бўлиб, кўраётган ҳар бир кунимизга шукроналар айтишимиз керак. Ёшларга эса ҳаётий тажрибамизни, ўгит-насиҳатларимизни Ватан учун фидокорона ишлаш, виждон олдидаги инсонийлик бурчи эканлигини анг-латишимиз лозим.
Бозорбой МАМАТОВ,
меҳнат фахрийси.