Энг аввало шуни алоҳида айтишни ҳохлардим: кейинги олти йил мобайнида мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга ҳар томонлама кўмаклашиш, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасига таяниб, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, нуроний отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр-оқибат кўрсатиш, ҳар бир эзгу ишни уларнинг дуоси билан бошлаш каби бетакрор урф-одат ва қадриятларимиз янада сайқал топиб, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, нуронийларнинг ҳаёт даражаси, турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида туманимизда ҳам бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Мисол учун, туманимизда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда "Кексалар маслаҳатлари" гуруҳлари ва "Бувижонлар мактаби" кенгашлари ташкил этилган. Кекса авлод вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш, мароқли ҳордиқ чиқариш учун зарур шарт-шаротилар яратиш мақсадида "Кексалар ҳафталиги", "Кексалар учун туризм ойлиги"ни ўтказиш йўлга қўйилган.
Шу ерда муҳим масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда кексалар саломатлигини асраш, уларнинг тўғри овқатланишини ташкил этиш, нуронийлар ўртасида жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида нафақат туманимиз марказида, балки барча маҳаллаларда ва оилаларда бир қатор режали ишлар қилинмоқда. Жумладан маҳалла фуқаролар йиғинларида нуронийларнинг ёши ва ҳолатига қараб, уларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишига ва фаол турмуш тарзини юритишга жалб қилиш мақсадида улар иштирокида "Саломатлик учун 5000 қадам" шиори остида пиёда юриш тадбирлари йўлга қўйилиши кексаларни фаол турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда.
Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан нуронийларга кўрсатилаётган бу каби юксак эътибор ва ғамхўрлик, берилган имтиёз ва қулайликлар туманимиздаги нуронийларни ниҳоятда хурсанд қилмоқда. Айниқса, туманимизда яқинда юқори савияда бўлиб ўтган "Кексалар ҳафталиги" гапимиз исботидир.
Туман ҳокимлигининг 2022 йил сентябрь ойидаги йиғилиш қарорига асосан 3-9 октябрь кунлари "Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос эзгу фазилат" деган бош ғояни ўзида мужассам этган "Кексалар ҳафталиги"ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастурда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, ҳафталик юқори савияда ўтказилди.
Хусусан, ҳафталик доирасида депутатлар давлат бошқаруви органлари раҳбарлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда кекса авлод вакиллари иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказдилар. Корхона, ташкилот ва идораларда узоқ йиллар ишлаб нафақага чиққан пенсионерлар, айниқса, якка-ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга эсдалик совғалари топшириш, уй-жой, маиший муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, шунингдек, сиҳатгоҳларда соғломлаштириш ва даволаш ишлари амалга оширилди. "Кексалар ҳафталиги" доирасида тор мутахассислар ҳамда умумий амалиёт шифокорларидан иборат таркибда маҳаллаларда кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Маҳаллалардаги ногиронлиги бор кексалар, "Аёллар дафтари"га киритилган онахонларга реаблитация воситалари, ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқ таёқ, эшитиш мосламаси бепул тақдим этилди. Туман ҳокимлиги мутасадди ташкилотлар билан биргаликда "Инсон тафтини инсон олади" шиори остида уйида ётиб қолган ҳамда шифохоналарда даволанаётган нуронийлар ҳолидан хабар олинди ва уларга моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Шахмат-шашка бўйича кексалар ва ёшлар ўртасида "Ақл чархи" турнири ташкил этилди. Кекса авлод вакилларининг ёшини ҳисобга олган ҳолда 4 босқичли (маҳалла, сектор, туман ва вилоят) "Кексалар завқи" спорт мусобақалари ўтказилди.
Туманимиз таълим муассасаларида "Кексалар - оила чироғи" мавзусида тарбиявий соатлар бўлиб ўтди. "Кўзга суртгум устоз босган тупроқларни", "Нуронийлар ёшлар нигоҳида" мавзуларида нафақадаги устоз-педагоглар ва ўқувчилар иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилди. "Бобомнинг айтишича" мавзусида эса мактаб ўқувчилари ўртасида "Набиралар иншоси" танлови ўтказилди. Маҳаллаларда "Бобом, бувим ва мен китобхон" шиори остида китобхонлик акциялари ташкил этилди. Хуллас, "Кексалар ҳафталиги" туманимизда катта кўтаринкилик ва юқори савияда ташкил этилди. Пайтдан фойдаланиб, ҳафталик доирасидаги тадбирларни юқори савияда ўтказишга яқиндан кўмаклашган туман ҳокимлиги ва барча ташкилот раҳбарларига миннатдорлик билдирмоқчиман.
Хуллас, туманимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш борасида қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Туманимиздаги ҳар бир нуроний эътибормизда. Бундан кейин ҳам бу каби эзгу ва хайрли ишлар кўламини янада кўпайтириш, кекса авлод вакиллари саломатлигини янада яхшилаш ишимизнинг бош мақсади бўлиб қолаверади.
Очил АХМЕДОВ,
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг
Нуронийлар бўйича маслаҳатчиси, туман
Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси.