Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” деган ибратли нақл бор. Қариялар бор хонадон файзли, қутли, баракали, сариштали бўлади. Кексалар нафақат оиланинг, балки жамиятнинг ҳам маънавий устуни, бойлиги ва бахти ҳисобланади. Шунинг учун ўзини таниган, англаган, ҳурмат қилган инсон борки, нуронийларни эъзозлайди, уларнинг сўзлари, фикрларини ҳикмат деб қабул қилади.
Юртимизда кексаларни қадрлаш, қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр-оқибат кўрсатишдек халқимизга хос инсоний фазилатлар кейинги йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, кейинги 6 йилда кексаларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Мисол учун мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди. Давлат хизматлари марказлари томонидлан қамраб олинган хизматларни кўрсатиш даражаси пастлиги давлат хизматларини кўрсатиш муддатларининг узунлиги, улар бўйича тўловларининг юқорилиги аксарият давлат органларининг зарур маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилмаганлиги, ушбу йўналишда турган вазифаларнинг долзарблигидан далолат беради.
Туман Давлат хизматлари агентлиги маркази аҳолининг барча қатламлари манфаатларини кўзлаб фаолият юритмоқда. Бу эса ўз ўрнида, аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш, ортиқча оворагарчиликка барҳам бериш, коррупциянинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Эндиликда ФХДЁ органларига тегишли бўлган туғилганлик, ўлимни қайд этиш, архив ҳужжатлари, гувоҳнома бериш, ФХДЁ далолатномасини тиклаш, ўзгартириш, тузатиш, мазкур ҳужжатга қўшимча киритиш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш, ечиш, қиёслашга ариза топшириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, жисмоний шахсларга СТИР бериш, олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш ва шунга ўхшаш юзга яқин хизматлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг жамғариб бориладиган нафақа тизимига ҳисобга қўйиш билан боғлиқ мурожаатлари тезда кўриб чиқилмоқда. Натижада, ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳамда ногиронлар ортиқча оворагарчиликдан холос бўлмоқда.
Шунингдек, давлат хизматлари марказимизда нуронийлар ва ногиронлар учун бир қатор қулайлик яратилган. Жумладан, марказга ташриф буюрган кекса ёшдаги аҳоли ҳар қандай шароитда навбатсиз қабул қилинади. Марказимиз залида вақтинча дам олишлари учун барча шароитлар бор. Юмшоқ мебелларда ўтириб, газета, журнал ва китоб ўқишлари мумкин. Пенсия тизимига оид хат, ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларда ҳам марказ ходимлари кекса авлод вакилларига яқиндан кўмак бермоқда.
Айни пайтда давлат хизматлари соҳасида қўлланилаётган Булунғур тажрибаси мана шундай эзгу мақсадалрга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Биз бу эзгу ишларимизни давом эттираверамиз.
Камол ҚЎЙЛИЕВ,
туман Давлат хизматлари маркази ҳужжатларни қабул қилиш ва топшириш бўлими бошлиғи.