Республикамиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов азиз-авлиёлар абадий қўним топган масканларни, қабристонлар атрофларини ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга асосий эътиборни қаратди. Мустабид тузум даврида хароба ҳолга келиб қолган масжиду-мадрасалар, муқаддас қадамжолар қайтадан таъмирланиб, хорижлик сайёҳлар ва юртимиз фуқаролари келиб зиёрат қиладиган ажойиб масканларга айлантирилди.
Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари билан 1999 йилда “9 май – Хотира ва Қадрлаш куни” деб эълон қилинди. Шу куни, бундан ташқари юртимизда кенг нишонланадиган Ийд рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари юртдошларимиз ўз маҳаллаларидаги қабристонларга бориб, яқинлари, қариндош-уруғлари абадий қўним топган қабрларини зиёрат қиладилар. Шунингдек, ҳудудларда ана шундай муҳим саналар олдидан умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, қабристонлар ҳудудлари аҳоли томонидан тозаланиб, тартибга келтирилади.
Мустақиллик йилларидан бошлаб ҳар бир қабристонга ҳудуд Ободонлаштириш идораси томонидан қоровуллик, назоратчи штат бирликлари ажратилиб, бугунги кунда улар қабристон ичкариси, қабр тошлари ва қабристон атрофларини тартибга олишган масъул. Туманимизда ҳам 93 та қабристон мавжуд бўлиб, уларга 30 нафар назоратчи ва 69 нафар қоровул биркитилган. 2011 йилдан шу пайтгача қабристонларнинг 30 фоизи ободонлаштирилиб, атрофлари ғишт девор ва панжаралар билан ўралиб, ҳимоя ишлари бажарилган. Жорий йилда туманимиздаги “Ачамайли”, “Адҳам саҳоба”, “Шўрбедана” қабристонлари ва Соҳибкор, Оқтош маҳалла ҳудудларидаги қабристонлар ҳудудларини таъмирлаш режалаштирилган.
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни арафасида туманимиздаги бир нечта қабристонларнинг бугунги аҳволи, марҳумлар муқим қўним тонган маскан, қабрлар ва у ердаги қабртошлар, ҳужралар, ёғин-сочинли кунларда аҳоли паналайдиган айвонлар, махсус ўриндиқлар, йўлакларнинг қай даражадалиги билан қизиқдик.
Туманимизнинг “Янгиариқ” маҳалласи ҳудудидаги “Янгиариқ” қабристони, “Чорбоғ” маҳалла ҳудудида жойлашган “Чўянтепа” қабристонига ҳудудда яшовчи фуқаролар, сахий ва савобталаб инсонлар томонидан ҳомийлик асосида 200 туп манзарали арча кўчатлари ўтқазилиб, 200 метр масофадан пластик қувурлар орқали ичимлик суви олиб келинган. Ташриф буюрган аҳолининг ёғин-сочинли кунлардан сақланишлари учун айвончалар, ўриндиқлар ўрнатилган, йўлакчалар барпо қилинмоқда.Бундай савобли ишлар кўпинча инсофли, савобталаб кишилар томонидан амалга оширилиб, улар маҳалла фаолларига бу ишларга ҳомийлик қилганликларини элга ошкор қилмасликларини илтимос қилишади. Бундай олижаноб, фидойи инсонлар орамизда кўплаб топилади. Аммо, бундай хайрли ишлар барча ҳудудларда тўлиқ амалга оширилмоқда, деб бўлмайди.
Туманимиз ҳудудидаги кўпчилик қабристонлар ҳали-ҳануз қаровсиз аҳволда эканлиги афсусланарли. Негаки, аҳолининг кўпчилиги қабристонларга қоровуллар, назоратчилар қўйилган, улар давлат бюджетидан ойлик маош олишмоқда, энди улар ўзлари бириктирилган ердаги барча ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришва назорат ишларини бажаришлари лозим, деб ўйлашади. Ваҳолангки, битта қоровул ёки назоратчи 40-60 гектарли бутун бир майдонни мунтазам тозалаб, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятига эга эмас. Бундай эзгу ишларни амалга ошириш умумхалқ иши. Баъзи бир қабристонлар ҳудудидаги ҳужраларга деярли бош суқиб бўлмайди, ҳали-ҳануз хароб аҳволда. Айрим қабристонларнинг кириш жойларига ҳаттоки, қабристон номлари ҳам ёзиб қўйилмаган. Айниқса, туманимизнинг асосий қабристонларидан бири бўлган “Хайрабод” қабристонининг орқа томонининг 500 метрга яқин жойи бир неча ўн йиллардан буён панжаралар билан ўралмаган. Қабристон ҳудудида ҳозиргача хоҳлаган киши транспорти билан ҳаракатланиши мумкин. Бундан ташқари, ҳудуднинг очиқ томонида майда ва йирик шохли ҳайвонлар, ит, мушук каби уй хайвонлари ҳамда тулки, чиябўри, шоқол, ёввойи мушук каби ҳайвонлар ҳам ҳудудда бемалол ҳаракатланиб, қабрларни топтаб, туёқлари билан эзиб, ковлаб яроқсиз ҳолга келтиришмоқда. Энг ачинарлиси, бир неча йилдан буён Хотира ва Қадрлаш куни нишонланганидан бир ойдан сўнг ушбу қабристонга ўт қўйилади. Натижада, қабристон тепалигидаги барча қабрлар олов исканжасида қолиб, бир ой олдин аҳоли томонидан ўтиб кетган авлод-аждодлари томонидан ҳурмат бажо келтирилиб, қабр тоши ёнига қўйилган гулдасталар, гулчамбарлар ва экилган гуллар бир неча сонияларга қолмасдан куйиб кулга айланади. Натижада, бир неча миллионлар эвазига тайёрлатилган қабр тошларига зарар етади. Бу манзарага гувоҳ бўлган, шундоқ ҳам қалби кемтик инсонларнинг юраги янада ғашланади, дардини кимга айтишни билмайди.
Қабристонни, қабрларни топтаган, у ердаги қабр тошлари, панжаралар ва бошқа жисмларга зарар етказган фуқароларга қонунда жиноий жазо белгиланган. Шунигдек, баъзи бир қабристонлардаги қабрлар ёғин-сочинлар туфайли чўкиб кетган. Вақти-вақти билан вафот этганларнинг қабрини тозалаш, тартибга келтириш аввало, марҳумнинг яқинлари амалга оширишлари лозим бўлган ишлар. Тан олишимиз керак, буни биз кўриб турсакда кўрмаганга оламиз.
Ўтганларни хотирлаш, ёд этиш, уларнинг абадий қўним топган жойларидан вақти-вақти билан хабардор бўлиб туриш ва обод қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.