Жамият тараққиётида ҳуқуқий маданиятни ҳозирги давр талаб ва даражаларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш ҳар бир инсоннинг келажакка бўлган ишонч ва эътиқодини кучайтиришга, ҳар тарафлама - ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан етук бўлиб етишишига хизмат қилади. Юртимизда ҳозирги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш натижасида халқимизнинг эркин ва фаровон яшаши, юртимизнинг тинч-осойишталиги ҳамда тараққиёти билан боғлиқ бўлган мақсадлар ташкил қилади.
Ҳуқуқий маданияти юксак жамиятда ҳуқуқий маданиятли инсон камол топади. Мамлакатимиз аҳолисининг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишлари учун уларда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш долзарб масалалардан бири саналади.
Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳуқуқий онг ва маданият даражасига алоҳида тўхталиб, Канаданинг 1 миллиондан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган Калгари шаҳрида 2018 йилнинг 10 ойида автоҳалокатлар туфайли 10 нафар шахс нобуд бўлгани, жами 2 ярим миллиондан зиёд автотранспорт воситаси мавжуд бўлган бизнинг юртимизда шу даврда 1 600 дан ортиқ киши автоҳалокат қурбони бўлганлигини, ҳозирги кунда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликкучайтирилганлигини, лекин бу билан муаммони тўлиқ ечиб бўлмаслигини мисол сифатида келтириб, жамиятимизда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада шаклланмаганлигини таъкидлаб ўтди.
Афсуски, бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслигига, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаганлиги, узоқ йиллар давомида бу масала фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларинингиши сифатида қараб келингани, бунда оила, маҳалла ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарли даражада таъминланмагани каби ҳолатларсабаб бўлмоқда.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида муҳтарамПрезидентимиз 2019 йил 9 январь куни “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Мазкур Фармон билан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.
Фармонда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари, принципи, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланган Адлия вазирлигига юклатилган қўшимча вазифалар, давлат органи ва ташкилотларнинг ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш фаолияти устидан парламент назоратини йўлга қўйиш, таълим муассасаларига малакали мутахассисларни жалб қилиш ва ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мавзусидаги телекўрсатувлар кўламини кенгайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Фармонда аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига бериладиган “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшган кишиларга ушбу нишоннинг берилиши уларни рағбатлантириб янада фаол бўлишига ва бошқаларни ҳам шундай ишлашга даъват этади.
Фармон ва унга илова қилинган жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг яна бир эътиборли жиҳати ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг “шахс-оила-маҳалла-таълим муассасаси-ташкилот-жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий тарзда ташкил этилишидир. Мамлакатимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг мазкур тизими ва узвийлиги инсоннинг бутун умри давомидаги фаолиятини ўз ичига қамраб олган бўлиб, мазкур кетма-кетликда шахс фаолиятининг ҳуқуқий тарбиядан четда қолган даврини кўрмаймиз.
Маълумки, шахс оилада туғилади ва шу ерда камол топади. Ижтимоий таълим ва тарбия каби ҳуқуқий тарбия ҳам илк бор оиладан бошланади. Оилада ота-она ёки бошқа катта ёшдаги оила аъзолари томонидан берилган тарбия шахс онгининг шаклланишига асос бўлади. Шу билан бир қаторда оилавий муҳит шахснинг ижтимоийлашувига турлича, яъни ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади. Ҳуқуқий тарбиянинг дастлабки босқичи оилада шаклланади. Оила жамиятнинг асосий бўғини бўлганлиги сабабли боланинг шахс сифатида шаклланиб, келажакда жамиятда ўз ўрнини топиб, маънавий баркамол инсон бўлиб етишишида асосий пойдевор ҳисобланади. Шунинг учун оиладаги муҳитни ижобий томонга ўзгартириб, ҳуқуқий этикани шаклллантириб, муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, оддий қилиб айтганда фарзандларимизга болалик пайтидан “яхши” ва “ёмон”, “мумкин” ва “мумкин эмас”деган тушунчалар ўртасидаги фарқни ўргатишимиз, ўзимиз эса уларга доим шахсий намуна бўлишимиз керак.
Аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда бошқа давлатларда учрамайдиган ва фақат бизнинг юртимизда мавжуд бўлган чуқур тарихий илдизга эга, халқнинг кундалик ҳаётини ташкилэтувчи қуйи ҳудудий бирлик ҳисобланувчимаҳалланинг роли каттадир. Республикамиз ҳаётида алоҳида аҳамият касб этувчи институт - маҳаллаларда аҳолини қизиқтирадиган энг муаммоли ва энг долзарб масалалар бўйича ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тегишли органлар билан ҳамкорликда турли ҳуқуқий тадбирлар кўламини ошириш натижасида аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ушбу тузилмадан унумли фойдаланиш лозим.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимидаги учинчи субъект - бу ўз ичига мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасалари ва олий таълимни қамраб олган таълим муассасаларидир. Бу таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда кўргазмали ва ўқув қўлланмалари, дарсликлар яратиш, тренинглар, танловлар ўтказиш, ёшларнинг онгида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш орқали аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга эришиш лозим.
Сирожиддин ҚУВВАТОВ,
Жомбой туманлараро иқтисодий
судининг судьяси.