Туманимиздаги энг чекка ҳудудлардан бири - “Жонхўроз” қишлоғида жойлашган 29-умумтаълим мактабида шоир ва журналист, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, “Самаркандский вестник” газетаси махсус мухбири Ёр Муҳаммад Рустамов билан ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ижодий учрашуви бўлиб ўтди.
Ижодий кечада иштирок этган мактабдаги адабиёт тўгараги азолари ўзлари ёзган шеърларини ўқиб бердилар. Юқори синф ўқувчилари эса шоир шеърларидан намуналар ўқидилар.

Тадбирда сўзга чиққан Ёр Муҳаммад Булунғур туманининг вилоят, республика ижтимоий, маънавий, маданий ҳаётида тутган ўрни, бугунги кунда ижодкор ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, ёш иқтидор эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, мактаб таълими ислоҳотида бошланаётган янги давр, ҳозирги замон педагогининг олдида турган муҳим вазифалар, мактабда тарғиботчи ва адабиёт ўқитувчисининг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда шу кунларда 75 йиллиги кенг нишонланаётган Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижоди хусусида тўхталди.
– Булунғур туманида ўзбек халқ оғзаки ижодининг улкан вакили, буюк халқ бахшиси Фозил Йўлдош ўғлининг табаррук излари бор, - деди у. – Шуниси қувонарлики, боболар анъанаси айни кунларда ҳам давом этмоқда. Истеъдодли ёзувчи Шароф Бошбеков, оташнафас шоир Нодир Жонузоқ каби фарзандлари билан бугун булунғурликлар ҳақли равишда фахрлансалар арзийди. Аммо, айни пайтда, қуруқ фахрланиш билангина иш битмайди. Сиз ёшлар ана шу машҳур юртдошларингизга муносиб бўлишингиз, истеъдодингизни она Ватанимиз равнақи йўлида сарф этиб, ажойиб инсонлар бўлиб етишмоғингиз керак. Ҳ. Худойбердиева ҳақида гапирадиган бўлсак, бу катта истеъдод, оташин қалб соҳибасининг ижодига таъриф бериш ортиқча, деб ўйлайман.
Шундан сўнг Ёр Муҳаммад Ҳ. Худойбердиеванинг Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ёзган “Муҳаммаднинг йўқлови” шеърини ёддан ўқиди ҳамда истеъдодли ёшлар ва мактаб кутубхонасига ўзининг янги ёзган китобларидан совға қилди.
Тадбирда мактаб бадиий ҳаваскорлари томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар учрашувга кщтаринки руҳ бағишлади.
Тадбир бошқа шу каби анжуманлардан фарқли равишда эркин мулоқот, савол-жавоб тарзида ўтди ва йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Равшанбек МАМАТОВ,
29-умумтаълим мактабининг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.