Ёшликдек рангдор фасл бормикан? Туйғулари камалакранг, сержило, ҳуркак, шижоатли, довюрак юракчи? Шу боисдандир, илк ёзган машқларини устозлар даврасида ўқиётган ёш юракнинг дилдироғи, ҳаяжони кучли...
Яқинда туманимизда ташкил этилган “Ёш китобхонлар” адабий тўгараги ўқувчи-ёшлари билан Булунғурнинг ёш ва умидли ижодкорлари, Самарқанд Давлат Университети “Кимё” факультети 4-курс талабаси Санжар Тошбеков ва шу университетнинг “География” факультети битирув курсида таҳсил олаётган Эгамберди Искандаровлар билан бўлиб ўтган ижодий учрашув ана шундай беғубор туйғулар ва ёшлик ҳаяжонларига бой ўтди.


Санжар Исомий таҳаллуси ила ижод қилаётган шоирнинг туғулиб ўсган “Чангал-1” маҳалласида кечган болалиги, отасининг орзуларини амалга ошириш йўлидаги машаққатлари ҳақидаги ҳикояси, айниқса ўқувчи ёшларимизга жуда манзур бўлди.
Учрашув давомида китобнинг инсон маънавиятини юксалтиришда, ҳаётда ўз ўринларини топишларида, дунёқарашларини шакллантиришларида нақадар муҳим эканлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Тадбир сўнгида тўгарагимиз ёшлари меҳмон ижодкорларга ўз ижодий машқларини ўқиб, шоирларнинг тавсия ва маслаҳатларини тингладилар.
Малика СУЮНОВА