Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йил 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.
Жумладан, ЎзМТДП туман Кенгаши вакиллари ва ижтимоий-маданий ривожлантириш доимий комиссияси аъзолари Улуғбек номли агрофирма ҳудудидан оқиб ўтувчи “Оқтепа” ариғи сув иншоотида бўлишди. “Небўса”, “Ўроқли” ҳамда “Исори Ўроқли” маҳалласи фуқаролари ва фермер-деҳқонлар билан суҳбатлар ўтказилди. У ерда оқар сувдан фойдаланувчи айрим кишилар томонидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш каби ҳолатларнинг тафсилотлари ўрганилди.
Маълум бўлишича, “Небўса” ҳамда “Ўроқли” маҳалласи фуқаролари ўртасида ўзаро сув талашиш ва келишолмаслик туфайли муросасизлик юзага келган. “Небўса” МФЙ фуқароларидан бир-икки нафари “Ўроқли” МФЙ фермерларидан сўраб, экин экилган ҳовлисига сув олиб боришган. Кейинчалик очилган ариқларни ёпиб, қўшни қишлоқ ариқларини очиб юбориши керак эди. Бу ўз вақтида бажарилмагач, иккинчи қишлоқ одамлари келиб, бунга эътироз билдиришган. Шу сабабли ҳам ҳар иккала қишлоқликлар бир-бирлари билан тиллашолмай қолишган.
Туманимизда ана шундай муаммоли вазиятларни бартараф этиш ишлари олиб борилиб, Юртбошимизнинг сувдан оқилона фойдаланиш борасида айтган сўзлари халққа етказилаяпти. Тарғибот ишлари натижаси ўлароқ сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланишга уринаётган кишилар вазиятни тўғри баҳолаб, бир-бирлари билан келишган ҳолда экин суғориш кераклигини тушунмоқдалар.
Вакиллар – комиссия аъзолари “Исори Ўроқли” маҳалласида ҳам бўлишди. “Оқтепа” ариғидан далаларига сув бошқариб, эгат тараётган “Пастки Қўштамғали” қишлоғи фермер-деҳқонлари билан суҳбат ўтказилди. Уларнинг экин парваришлаш ишлари қай тартибда амалга оширилаётгани ва суғориш жараёни билан танишилди.
- Ҳозирда шартнома асосида экилган 1 гектар майдондаги булғор қалампири, сабзи ҳамда пиёзни суғориш ишлари олиб бориляпти, - дейди “Эгамберди Нормуродов Ўроқли даласи” фермер хўжалиги раиси Ғайрат Нормуродов. - Айни кунларда кузатилаётган сув танқислигини ҳисобга олган ҳолда экин суғориш талаб этилади. Шундай экан, бошқа фермер ва деҳқонларга ҳам эгат охирига етган сувнинг оқовасини узоқ вақт оқизиб қўймасликни маслаҳат берган бўлардим.
Дарҳақиқат, экин суғоришга эҳтиёжманд киши хоҳ фермер, хоҳ оддий деҳқон бўлсин вазиятга виждонан ёндашган ҳолда иш кўрилса, оқар сувдан оқилона фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Айрим хонадон соҳибларининг ҳовлисини кўздан кечирсангиз ён қўшнисининг экин-тикинлари сувсизликдан азият чекаётган бир пайтда қатор ораларидан чиқаётган оқова сувни кўча томондаги кераксиз жойга чиқариб юборадилар. Ҳозирги кунги сув танқислиги ҳолатида эса бундай йўл тутиш асло ярамайди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Сув танқислиги муаммоси нафақат ўзимизда, балки дунё миқёсида экологик ва глобал муаммо саналади. Қуёш нурлари ернинг тортиш кучини енгиб, ундаги мавжуд сувнинг 20-30 фоизини парлантириб, ўзига тортиб олади. Бу ҳодиса бугун ҳам давом этаяпти. Натижада, биохилмахиллик бузилиб, атроф-муҳит экомуаммосига сабаб бўляпти.
Бир мисол. XX асрда Орол денгизи катталиги бўйича дунёда 4-ўринда турган. 1955 йилда камайиш 15 баробарни кўрсатган бўлиб, ҳозирги кунгача давом этиб келяпти. Бунинг сабаблари ва омиллари сув билан боғлиқ эканини сизу биз яхши англаймиз. Марказий Осиёнинг демографик ўсишига разм соладиган бўлсак, 2020 йилга келиб, суғориш учун сувга талаб 30 фоизга ошиши мумкин экан.
Демак, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ҳамда кун давомида эҳтиёжларимиз учун сарф бўлаётган чучук сувдан оқилона фойдаланишимиз бугунги куннинг талаби. Ортиқча исрофгарчиликка эса йўл қўймаслигимиз зарур. Мисол учун, экин экиш, парваришлаш ва ишлов беришда, айниқса, томчилатиб суғориш орқали сувни керакли жойга етказиб турилса, бу, албатта, яхши самара беради. Аграр секторда сувга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бораркан, иссиқхоналар ташкил қилиб, кичик ердан ҳам унумли фойдаланиб, яхши даромад олиш мумкин.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti”мухбири.