Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз биринчи сессиясида бугуннинг долзарб масаласи – қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг салбий оқибатларини юмшатиш ҳақида сўз юритилди. Кенгаш раиси, туман ҳокими Б. Баҳромов бу ҳақда батафсил маълумот берди.
Туманда жорий йил суғориш мавсумида 143,40 миллион кубметр сув ресурслари лимити белгиланган бўлса-да, сув танқислиги сабабли амалда суғориш ишлари учун 34,7 миллион кубометр сув олинган. Ана шу сув билан 19 минг 779 гектар майдонда суғориш ишлари ўтказилган.
Сув танқислигининг салбий ҳолатларини юмшатиш мақсадида тумандаги каналлар бўйича навбатлаб суғориш тартиби ўрнатилган.
Кўрилаётган чораларга қарамасдан, А. Махсумов, Ипак йўли, Ўзбекистон, Ҳ. Олимжон ва Навоий номли агрофирмалар ҳудудини сув билан таъминловчи Янги Беш, Дўстлик, Мингчинор ва Улуғбек агрофирмалари ҳудудини сув билан таъминловчи Оқтепа каналига боғланган майдонларга сув танқислиги кучли таъсир кўрсатмоқда.
Бундай шароитда қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар учун кучли сув танқислиги сезилмоқда ва ушбу ҳолат экинларни суғоришда сув ресурсларидан самарали ва тежамкор ҳолда фойдаланишни тақозо этмоқда.
Сессияда сув танқислигининг салбий ҳолатларини юмшатиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди.