9-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида 1-июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда 2017 – 2018-ўқув йили якунига бағишланган ҳисобот концерт дастури бўлиб ўтди. Унда мусиқа мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида қўшиқ ва рақслар, мусиқали чиқишлар ҳамда комедияга бой саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Саҳнада болалар ижросидаги “Қизлар рақси”, “Гулдаста”, “Тулпор” каби куй ва рақслар тадбирда йиғилган томошабинлар кўнглига хуш кайфият улашди.
Тадбирда шогирдларига рақс, ашула ва куй чалиш сирларини ўргатаётган мусиқа мактаби ходимлари ва тўгаракларга мунтазам қатнашиб, туман ҳамда вилоятда ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган ўқувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди. Шунингдек, ўз фарзандига барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб, тўгаракларга доимий қатнашини таминлаб турган ота-оналарга ҳам фахрий ёрлиқлар топширилди.
Дастур давомида ўзбекона миллий рақс ва куй-қўшиқлардан ташқари чет эл мусиқасининг сара асарлари, ҳиндча рақс ва грузинча қўшиқлар ҳам ижро этилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.