ёш спортчиларимиз зафарлар қучмоқда
Туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг Гулзор маҳалласи ҳудудидаги “Олимпия” стадиони қошида жойлашган филиалида ёш спортчилар спортнинг 12 тури бўйича шуғулланишади. Қувонарлиси шуки, филиалнинг “Олимпия” футбол жамоаси 2015-2016-йилларда туғилган болалар-ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган вилоят биринчилиги мусобақасида фахрли иккинчи ўринни эгалладилар.
Мусобақа давомида мутахассис-мураббийлар назарига тушган иқтидорли футболчилардан Нодирбек Қаюмов вилоятимизнинг бош жамоаси - “Динамо”нинг ўринбосарлари жамоасида тўп сурадиган бўлди.

Шунингдек, ёш иқтидорли футболчиларимиз Исмоил Қаршиев ва Зиёдулла Бўрибоевлар Олимпия заҳиралари коллежининг футбол бўлимига ўқишга қабул қилинди.
– Қишлоқ ёшларидан сараланиб чиқаётган ёш футболчиларимиз билан фахрланамиз, - дейди спортнинг футбол тури бўйича бош мураббий Шоҳруҳ Усмонов. - Талантли ёшларимиз кўп. Келгусида қишлоқ ёшларидан таркиб топган футболчиларимиз билан вилоят биринчилиги мусобақаларида туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз, деган умиддамиз.
Спорт мактаби атрофи кўзни яшнатадиган даражада “Яшил макон”га айлантирилган.

– Ҳозирги кунгача спорт мактаби атрофига 100дан ортиқ манзарали дарахт ва анвойи гуллар кўчатларини экдик, - дейди хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Шерқул Солиев. - Экилган дарахт ва гул кўчатларини боғбон Мустафоқул Жўраев бошчилигидаги ишчилардан Хуршида Лапасова, Умида Холматова, Зоҳида Болтаева, Жумагул Пардаева, Тўлқин Эргашевлар меҳр билан парваришламоқдалар.

Ҳамшира Зебинисо Холиқова эса 5 йилдан буён ёш спортчилар ҳамда ишчи ходимларнинг саломатлигини назорат қилиб келмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.