Яқинда “Элобод” МЙФ ҳудудида жойлашган 38-умумтаълим мактаби биносининг мажлислар залида ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ташаббуси билан мактаб битирувчилари ва маҳалла ёшлари иштирокида “Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди. Учрашувда туман имом-хатиби Тўлқин Равшанов, СамДУ психология кафедраси катта ўқитувчилари Мухтасам Сулаймонов ва Абира Абдуллаевалар иштирок этишди.
Сўзга чиққан туман имом-хатиби Т. Равшанов ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчиликлар, қабоҳат ва ёвузликлар қуршовига тушиб қолган ёшлар ҳақидаги маълумотларни келтириб, улар фақатгина хориж давлатларида рўй бераётганлигини матбуот ва телевидениелардагина кўриб хабардор бўлишганлигини, ҳозир юртимизда ҳам айрим тарбияси суст ёшлар томонидан ўта оғир жиноятлар содир этилаётганлиги, уканинг акага, боланинг отага нисбатан кечириб бўлмайдиган жиноятлар содир этаётганлигини афсус билан таъкидлади. У ёшларни кечиримли бўлиш, эзгулик ва яхшилик амалларини ўзларига сингдириш, яхшилик ва ёмонликни англаш, ака-ука, опа-сингил, ота-она, ўзидан катталарга, устозларга, қавму-қариндошларга меҳрибон бўлиш, уларга ғамхўрлик қилиш ва мактабда аъло баҳоларга ўқишга чақирди.
СамДУ психология кафедраси катта ўқитувчиси М. Сулаймонов “Ўспиринлик ёшида намоён бўладиган айрим зўравонлик ва тажовузкорликнинг олдини олиш” мавзусида маъруза қилди. У ўспиринлик, ёшлик ва ўтиш давридаги йигит-қизлар айни пайтда нималарга эътибор қаратиши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш учун тарбияни ҳозирданоқ, шу бугундан бошлаш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, бугунги кунда юртимизда ёшларга яратиб берилаётган бир қанча имтиёзлар, туман ёшлари бахши-шоир Фозил Йўлдош издошлари, авлодлари эканлиги ва бунга муносиб, психологик жиҳатдан бақувват бўлиш лозимлигини айтиб ўтди.
СамДУ психология кафедраси катта ўқитувчиси А. Абдуллаева “Ёшларда турли даврларда юзага келадиган муаммолар ва уларни руҳий зўриқишсиз енгиб ўтиш ҳамда муваффақият сирлари” мавзусидаги маърузасида ўғил ва қизларнинг 13-14 ва 16-17 ёшидаги ўспиринлик даврида болада юз берадиган физиологик ўзгаришларда ота-оналар ва мутахассислар билан маслакдош бўлиш, ўзларини катталардек ҳис қилиш ҳолатлари, ёшлар ҳозирданоқ ўз олдиларига қўйган улкан мақсадлари сари дадил одимлаш учун ҳаётдан розилик аломати билан депрессия ҳолатларини енгиб ўтиши, лозим бўлган пайтларда эса мутахассислардан психологик ёрдам олишлари зарурлиги ҳақида сўз юритди.
Давра суҳбатидан сўнг тингловчилар учун “Психологик қабулхона” ташкил қилиниб, унда туман Педагогика ва спорт коллежининг 3-курс талабаси Меҳригул Мирзақулова, 38-мактабнинг 10 ва 11-синф ўқувчилари Ҳуррият Маматқулова, Хосият Анорбоевалар мутахассислар томонидан қабул қилиниб, уларга психологик ёрдамлар берилди.
Тадбир якунида СамДУ психология кафедраси катта ўқитувчилари М. Сулаймонов ва А. Абдуллаевалар ёшлар иштирокида психологик тест ўйинларини ўтказишди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши “Ёшлар овози” газетасининг сўнгги сонларидан улашди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.