Туман Бандликка кўмаклашиш марказининг энг биринчи ва асосий вазифаси - иш билан банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлашдир. Ишсиз, иш сўраб мурожаат қилган фуқаролар туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тумандаги мавжуд бўш иш ўринларига, туман ҳокими қарори билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнат бозорида тенг шароитда рақобатлаша олмайдиган фуқаролар учун ташкилотлар томонидан банд қилиб қўйилган квоталанган иш ўринлари ҳамда янгидан ташкил топган, қайтадан фаолиятини тиклаган ва ташкилотнинг кенгайтирилган, янги цехлари очилиши муносабати билан яратилган янги иш ўринларига белгиланган тартибда ишга жойлаштирилади.
Аҳолининг иш билан банд бўлиши шахснинг доимий равишда муайян касб фаолияти билан шуғулланиши, даромад олиши ва фаровон ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Ишсизлик ва бекорчиликдан жамиятда ҳар хил ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, бузғунчи ғояларга билиб-билмай эргашиш, фуқароларнинг иш излаб чет элларга қонунга хилоф равишда чиқиб кетиши натижасида одам савдосига дучор бўлиши ва бошқа салбий ҳолатлар юзага келишига олиб келади.
Ишсиз аҳолини иш билан таъминлашда фақат давлат органларининггина эмас, балки жамоатчиликнинг, айниқса корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, яъни иш берувчиларнинг роли катта аҳамиятга эга. Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасида белгилаб қўйилган.
Мазкур Қонун ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 декабрда 858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида»ги Низомнинг 2-бандида “Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси”га тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган (микрофирма ва кичик корхоналардан ташқари) барча иш берувчилар ҳудудий Бандликка кўмаклашиш марказига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозимлиги кўрсатилган.
Низомнинг 6 ва 11-бандларида бўш иш жойларининг мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яширганлиги, шунингдек, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳиат органига ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун иш берувчининг мансабдор шахсларига Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 229-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солиниши назарда тутилган.
2018 йил давомида 66 нафар туманда фаолият юритаётган ташкилот, корхона ва муассса раҳбарларига "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 декабрда 858-сон билан давлат рўйхатидаи ўтказилган «Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида»ги Низом талабиии бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 229-моддасига асосан 26.103.180 сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилиб бюджетга ундирилган.
2019 йилнинг 1-чорагида 13 та ташкилот раҳбарларига 6.892.820 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, ушбу жарималар бюджетга ундирилиш арафасида. Жумладан: Булунғур Агросуғурта бўлими бошлиғи М.Очилов, Булунғур Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Б.Мавлонов, туман Тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи Ф.Мамадиярова, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошлиғи И.Қиличев, "Булунғурдавсувмахсуспудрат" Давлат унитар корхонаси раҳбари А.Кенжаев, Булунғур халқ таълими бўлимига қарашли 58-умумтаълим мактаби директори С.Тожиев, 66-умумтаълим мактаби директори З.Холмўминов, туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-мактабгача таълим муассасаси мудираси А.Шертаева, 13-мактабгача таълим муассасаси мудираси Р.Ахрарова ва бошқалар шулар жумласидандир.
Мазкур қонунчиликка иш берувчилар томонидан сўзсиз риоя қилиниши Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ушбу иш ўринларига ишсиз фуқароларни жойлаштиришга шароит яратади.
Иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик ва бўш иш ўринларини яшириб маълумотларни тақдим қилиш сабаблари баъзида мавжуд қонун талабларини билмаслиги ёки тушунмаслиги бўлса, баъзи ҳолларда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва мансабдор шахсларнинг бошқа шахсий манфаатларини устун қўйиши, деб хулоса қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси "Аҳолини иш билан таъинлаш тўғрисида"ги Қонунининг 7 ва 17-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 68-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли Қарорига асосан 2018 йил 28 сентябрда "Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тўғрисида"ги Қарори тасдиқланган бўлиб, унга асосан тумандаги ташкилот, корхона ва муассасалар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун 706 та иш ўринлари банд қилиб қўйилган.
Бандликка кўмаклашиш маркази ушбу иш ўринларига тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнат бозорида тенг шароитда рақобатлаша олмайдиган фуқароларни, яъни, таълим муассасаларини тугатганлар, кўп болали ота-оналар, пенсия ёшига етганлар, ногиронлар, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматдан қайтганлар, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганлар ва одам савдоси жабрдийдалари учун фуқароларни ишга жойлаштиради. Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланиши ёки бошқа таъсир чоралари кўрилишидан мақсад уларга нисбатан жазо чорасини қўллаш эмас, балки меҳнат қонунчилигига барчанинг бир хилда амал қилинишига эришиш, бўш иш ўринларини аниқлаш ва уларга аҳолини ишга жойлаштиришдир. Айниқса, таълим муассасаларини битирган ёшларни ишга жойлаштириш ҳозирги кунда энг муҳим масала эканлиги катта аҳамият касб этади.
Ушбу масаланинг моҳиятини тушуниб етган ва ўз вазифасига виждонан ёндашган мансабдор шахслар юқоридаги қонунбузарликларга йўл қўймаслиги барчамизга маълум. Иш берувчилар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 декабрда 858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида»ги Низом бўйича ҳамда меҳнат қонунчилигининг бошқа нормалари ёки меҳнат қонунчилигидаги ўзгартиришлар ва қўшимчалар бўйича Самарқанд вилоят Бандлик Бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясига ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторига саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин.
Нодира ҲАСАНОВА,
Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.