9-сонли Мусиқа ва санъат мактабида туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бўлими, Мудофаа бўлими ва Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ташкил этилди. Унда тумандаги 37 та корхона ташкилотлари 229 та бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Ярмарка иштирокчиларининг туман ҳокими Б. Баҳромов, туман ИИБ бошлиғи И. Дониёров, вилоят “Маҳалла” жамғармаси вакили Ф. Шокирова ва вилоят мусулмонлар идораси вакили, имом-хатиб З. Маҳмудовлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Туман ҳокими Б. Баҳромов ушбу ярмаркани ташкил этишдан мақсад ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, афв этилган ва чет элга чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзолари муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш, туман аҳолисининг иш билан банд бўлмаган фуқароларини янги иш ўринлари билан таъминлашдан иборат эканлигини таъкидлади.
Вилоят “Маҳалла” жамғармаси вакили Ф. Шокирова, вилоят мусулмонлар идораси вакили, имом-хатиб З. Маҳмудовлар ҳам ҳар бир оилада соғлом маънавий муҳит яратилиши, фарзандлар тарбиясига ота-оналарнинг масъулиятини янада ошириш каби мавзуларда сўз юритишди.
Меҳнат ярмаркасида иш сўраб мурожаат қилган фуқаролардан 29 нафарига, шу жумладан 22 нафар хотин-қизларга ишга жойлашишлари учун Бандликка кўмаклашиш марказининг йўлланмалари берилди.
Ўз мухбиримиз.