Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан туманимиздаги ҳамма маҳаллаларда “Спорт майдонида фақат хотин-қизлар” шиори остида спорт ҳафталиги ўтказилди.
“Чангал-1” МФЙдаги Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган мусобақада “Небўса”,”Булунғурариқ”, “Ўроқли”, “Ниёзмат”, “Чангал-1” МФЙ хотин-қизлари спортнинг волейбол, баскетбол, велоспорт, гимнастика ва енгил атлетика турлари бўйича ўзаро мусобақалашдилар.
- Бундай мусобақани ўтказишдан асосий мақсад туманимиз хотин-қизлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат, - дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин- қизлар қўмитаси раиси Холида Қиличева. - Шу сабабли ҳамма маҳаллаларнинг хотин-қизларини спортга жалб қилиш ва уларўртасида спорт ҳафталигини ўтказишга қарор қилдик.
Мусобақалар давомида спортнинг енгил атлетика тури бўйича “Ўроқли” МФЙ фуқароларидан Муборак Мамашукурова, Адолат Бурхонова, волейбол тури бўйича “Небўса”МФЙ фуқароларидан Дилдора Алимбекова, Нигора Абдусаидовалар, гимнастика бўйича “Булунғурариқ” МФЙ фуқаролари Азиза Акрамова, Роҳат Абдувоҳидова, баскетбол тури бўйича “Ниёзмат”МФЙ фуқаролари Нурхон Боймуродова, Хайринисо Боймуродова, велоспорт тури бўйича “Чангал-1” МФЙдан Дилдора Ортиқова, Моҳира Очиловалар ўз маҳоратлари билан ҳаммага ўрнак кўрсатдилар.
- Бундай мусобақалардан сўнг ўзимизни анча енгил ва чаққон ҳис қилдик, кайфиятимиз аъло даражада бўлди, - дейди мусобақа иштирокчиси, “Ўроқли” МФЙ фуқароси Муборак Мамашукурова. - Мусобақа ташкилотчиларидан миннатдормиз. Шундай мусобақалар тез-тез ўтказилиб турилса нур устига нур бўларди.
Раббим ҲОТАМОВ.