Мусулмон оламининг муқаддас китобларидан саналмиш “Ҳадислар”да зиёратгоҳларни, азиз жойларни, қадамжоларни ободонлаштириш ишларига бош қўшган кишиларнинг, ўша ҳудуддаги халқнинг йўли нурафшон, иши баракали, ҳаёти омадли, чароғон бўлишлиги, ўша жойларгагина Аллоҳнинг назари тушишлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Мустақилликка эришган илк кунларимизданоқ ҳукуматимиз раҳбарияти барча соҳаларда мамлакатимиз тараққиёти, бугунги порлоқ кунимиз билан боғлиқ ислоҳатларни амалга ошириш билан бирга юртимиздаги муқаддас, табаррук жойлар - зиёратгоҳларни, қадамжоларни, тарихий мерос объектларини давримизнинг юксак талаблари даражасида тиклаш, қайта таъмирлаш, ободонлаштириш ишларига жуда катта эътибор қаратди. Хақиқатдан ҳам муқаддас китобларда қайд этилган фикрлар ўз ижобатини топди. Бундай эзгу ва хайрли ишлар ҳозир ҳам давримизнинг юксак талаблари даражасида жаъдал давом эттирилаётганлиги қувончли ҳолдир. Давлатимиз жаннатмакон, тенги йўқ бир юртга айланмоқда. Халқимизнинг йўли ойдин, келажаги порлоқ. Юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, барча соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлиги эса янада аҳамиятлидир.
Бу борада туманимизда, хусусан “Эрганакли” маҳалласи ҳудудидаги Хўжа Ҳофиз Меросий, “Соҳибкор” маҳалласидаги “Ғиштли ота”, “Хўжамазгил” маҳалласи ҳудудидаги “Хўжамазгил ота” каби зиёратгоҳларда ҳам кейинги икки-уч йил ичида ибратли ишлар амалга оширилаётганлиги таҳсинга сазовордир. Булунғур шаҳри марказидаги Фозил Йўлдош ўғли хиёбони, Хотира майдони тўлиқ қайта таъмирланди. Маданият ва истироҳат боғини, туман Маданият саройини давримизнинг юксак талаблари даражасида барпо этиш ишлари қизғин бошлаб юборилди. Биргина Фозил Йўлдош ўғли хиёбони, Хотира майдонини тўлиқ қайта таъмирлаш унун 500 миллион сўмдан ортиқ ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Фозил Йўлдош ўғлининг янги салобатли ҳайкалини, Хотира майдонида иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб булунғурликлар учун ўрнатилган, зарҳал ҳарфлар билан битилган Хотира китобларини, “Мотамсаро она” ҳайкалини ўрнатиш учун ҳам миллиард сўмлаб пул сарфланди. Ҳар иккала зиёратгоҳнинг атрофлари бетон панжаралар билан билан ўралди. Фозил Йўлдошўғли хиёбони қоқ марказига фаввораўрнатилди, майдонлар ҳудудига арчалар, гуллар экилиб, майсазорлар барпо этилди. Бу ерга ташриф этаётган зиёратчилар учун қулайлик яратиш мақсадида ўриндиқлар ўрнатилди. Хуллас, бугунга келиб бу табаррук жойлар нафақат булунғурликларнинг, қолаверса кўп сонли меҳмонларимизнинг ҳам севимли, зиёрат қилиб бир пас бўлсада ҳордиқ чиқарадиган масканларидан бирига айланди. Юқорида таъкидлаганимиздек, туман раҳбарияти томонидаан амалага оширилаётган бу эзгу ва хайрли, савобли ишларимиз, саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини кўрсатмоқда. Аллоҳ назари тушиб, ҳамюртларимизнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга юксалиб бормоқда.
Сир эмас, булунғурликлар ўртасида, яқин-яқинларгача “Фозил Йўлдош ўғли хиёбонига, Хотира майдонига эътибор берилмаяпти”, “Бу муқаддас, табаррук жойлар қаровсиз аҳволга тушиб қолди”, “Туман раҳбарлари қаёққа қараяпти?”, деган хавотирли фикрлар қулоғимизга тез-тез чалиниб турарди. Ҳатто юқори ташкилотлардаги раҳбарларнинг эшигини қоқиб шикоят қилувчилар ҳам бўлди. Кези келганда эътироф этиш керакки, бу муқаддас жойлар туман раҳбарларининг доимий диққат-эътиборида бўлиб келган. Беш-ўнйил аввал бу жойлар ҳавас қилса арзигулик даражада қайта таъмирланиб, чиройли бир масканга айлантирилганди. Хиёбон марказига ўрнатилган фавворадан, экилган турфа хил гуллардан ҳар биримиз завқ олиб, кўнглимиз таскин топарди. Хиёбоннинг чор атрофи темир панжаралар билан тўсилганди. Минг афсуски, айрим кўнгли қора, калтафаҳм, ноинсоф, фаросатсиз, имон-эътиқодсиз кимсалар кечалари ухламасдан буюк бобомизнинг қабрлари ёнидан темир панжараларни ўғирлабкетишга журъат қилишди. Гуллар топталди, фавворани бузишди. Ачинарли томони шундаки, гап эгасини топади, деганларидек, бу ўғриларнинг ичида тумандаги ўзларига тўқ, бадавлат оилалар соҳиблари фарзандлари ҳам бўлганлиги ҳали-ҳануз кечириб бўлмас ҳолдир. Бу кимсалар ҳам қилмишларига яраша чораларини олишди, албатта. Лекин... эзгу ниятлар билан қилинган бу хайрли ишларнинг оқибати нима бўлди? Табаррук зиёратгоҳларимиз вақтинча ташландиқ бир жойга айланиб қолди. Ҳатто Хотира майдони ҳудуди кимларгадир сотилди ҳам. Минг қатла шукурки, айрим софдил, ростгуй, диёнатли инсонларнинг саъй-ҳаракатлари, югур-югурлари туфайли бу зиёратгоҳ сақлаб қолинди. Мана, вақт олий ҳакам, дегналаридай вақти соати келиб, туманимизнинг, халқимизнинг шон-шарафи, ноёб ёдгорлиги, тарихий мероси ҳисобланган бу табаррук зиёратгоҳлар замон талабларига мос тарзда қайта ростланди, тикланди.
Минг афсуски, бугунги кунга келиб туманимизнинг кўркига айланган бу зиёратгоҳларга юқоридаги сингари худобехабар, фаросатсиз кимсаларнинг янанописандларча муносабатда бўлишаётганликларини қандайбаҳолаш мумкин?! Бу маданиятсизликми ёки тубанликми? Бундай ёвуз ниятлти, ичи қора. “одамсифат” ваҳшийларни сўкишга ҳам, қарғашга ҳам тилимиз ожизлик қилиб қоляпти. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Хотира майдонига иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юзлаб булунғурликлар учун ўрнатилган 8 та “Хотира китоблари”нинг иккитаси бутунлай қўпориб ташланган. Бошқаларининг саҳифалари шафқатсизларча юлибташланган. Тўғри, бу “Хотира китоблари” дастлаб ўрнатилган кезлари туман хокимлигига, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси собиқ раҳбари сифатида шахсан менга ҳам “Отамиз қолиб кетибди”, “Бобомиз тушиб қолибди”, деб арз қилганлар кўп бўлди. Бундайларга ётиғи билан “Хотира китоби”га фақатгина иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган булунғурликларнинг исм-шарифлари киритилган”, “Бу борадаги ишларга янада ойдинлик киритилади”, деб тушунтирдик. Шу ўринда савол туғилади. Юқоридаги сингари ваҳшийликларни ким қилади, қачон қилади? Айрим аламзада кишиларми ёки ичи қора, ёвуз ниятли кимсаларми? Бундай қабиҳ ишларни қилишга қандай журъат қилишади? Ўзга кишиларнинг кўриб қолишидан, қўлга тушиб қолишидан қўрқишмайдими?
Майдонларга яқинлашган сайин турли хил “хунук манзара”ларнинг гувоҳи бўлиб кайфиятингиз бузилади. Гўё ҳар ким ушбу табаррук жойлардан “ўз манфаати учун” фойдаланаётгандай кўринади. Майдон атрофида тирикчилик қилишаётган савдогарлар турли хил матоҳларини бетон панжараларга ёйиб қўйишади ёки панжаралар устига ўтириб олишиб, бетамизларча савдо қилишади. Бозор-ўчар қилиб чарчашган харидорлар учун ҳам “бу ер” жуда қулай жой саналади. Кимдир қўлидаги турли хил сумкаларини зиёратгоҳ ҳудудига вақтинчалиқ жойлаштириб кўнгли хотиржам топса, қайси бирлари панжаралар устига бемалол ўтириб олиб чарчоғини ёзади. Ҳатто “Мотамсаро она” ҳайкалининг орқа томонига 4-5 киши бўлиб жойлашиб олиб гурунг қилаётганлар сони ҳам ошиб бораётганлигига ажабланмасакҳам бўлади. Айниқса, бу ерда “макон” қуриб олишган 10 дан ортиқ пойафзал усталарининг қўли-қўлига тегмайди. Улар хоҳлашса зиёратгоҳларга кирадиган йўлакчаларга жойлашиб, хоҳлашса бу ердаги соя-салқин жойларга ўрнашиб олиб мижозларига “беминнат” хизмат кўрсатишади. Уларга гап уқтиришнинг ёки бўлмаса танбеҳ беришнинг мутлақо фойдаси йўқ...

Хиёбонларнинг ён тарафлари доимий равишда турли русумдаги енгил автомобиллар - “Дамас”, “Нексия”, “Жигули”, “Матиз”лар билан тирбанд бўлади. Шу боис бу йўллардан ўтиб олиш ҳам амри-маҳол. Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, ҳар замонда ДАН ходимлари келиб рейд ўтказиб қолишса, бу автомобилларнинг эгалари машиналарини зудлик билан “Шоҳбекат”га ўтказишиб жон сақлашали. Бўлмаса кунига шу манзарага дуч келишингиз табиий ҳол. Бу ердаги енгил машиналарни тартибга олиш борасида туман ҳокимлиги, туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ҳам тегишли чора-тадбирлар кўриляпти. Бироқ... натижа бўлмаяпти. Тирбандликка “улуш” қўшаётган енгил автомобилларнинг сони эса кундан-кунга ошиб боряпти. Ўтказилаётган рейдлар шуни кўрсатмоқдаки, кира қилишаётган енгил автомобиллар эгаларининг аксариятида йўловчиларни тишиш учун лицензиялари йўқ. Бу қонунга хилоф эмасми?
Яна бир ҳолат ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиздир. Бундай ҳоллар илгари ҳам рўй берганлигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Майдонларга яна чиройли бетон панжаралар ўрнатилди. Мана шу бетон панжараларнинг айрим калтабин, тубан кишилар томонидан атайлаб тепиб синдирилаётганлигини қандай тушуниш керак? Шу кунга қадар 10га яқин бетон панжараларнинг синдирилганлиги фикримиз исботидир. Кўриниб турибдики, айримфаросатсиз, узоқни кўра олмайдиган, аламзада кимсаларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари, ваҳшийликлари туфайли табаррук зиёратгоҳларимизнинг кўркига, чиройига жиддий путур етмоқда. Бу ғаламис кимсалар ҳам қилмишларига яраша чораларини олишди, албатта. Бироқ, туманимимзнинг равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида эзгу ниятлар билан қилинаётган хайрли ишларнинг бу кетишда оқибати нима бўлади?
Биргина ўтган 2018 йилнинг ўзида рўзномамизда юқоридаги каби жойларда содир бўлаётган “салбий ҳолатлар” хусусида “Лоқайдликми ёки саводсизлик?”, “Йўлми, кўлми?”, “Қовжираган арчалар”, “Булунғурми, Булуиғурми?”, “Эътиборсизлик оқибати,” “Кўчалардаги “қора доғлар”, “Қачонгача бепарво бўламиз?”, “Лоқайдликнинг чеки борми?” каби 10га яқинтанқидий мақолалар, фотоайбномалар чоп этилди. Рўзномада чоп этилган юқоридаги сингари танқидий материаллардаги камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилди.
Ўйлаймизки, шаҳримиз марказидаги Фозил Йўлдош ўғли хиёбони, Хотира майдонида кўз ўнгимизда юз бераётган, юқорида имкон қадар танқид остига олганимиз “нохуш манзаралар”нинг ҳам олди олинса мақсадга мувофиқ бўлур эди. Бунинг учун нафақат тегишли мутасадди ташкилотлар, қолаверса туман фаоллари, депутатлар, ҳамюртларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшишса фойдадан холи бўлмасди.
Холбой ҚОСИМОВ,
журналист, халқ депутатлари
туман Кенгаши депутати.