Ёки туманимиздаги“Каттақишлоқ”, “Қизилқўрғон” қишлоқларида дастур доирасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди
Республикамиздаги энг қадимий ва йирик туманлардан бири бўлган Булунғур ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машҳур “Бобурнома” асарида “Булунғур ариғи”, “Булунғур қўриғи” каби жой номларининг тилга олиниши бежиз эмас. Табиати мусаффо, ҳавоси тоза, суви мазали. Туманнинг чор-атрофи Туркистон тизма тоғлари ҳамда Ғўбдин тоғи билан қуршалган. Ўз табиий иқлими, географик жойлашуви, транспорт коммуникацияси бўйичақулай имкониятларга эгалиги ва ҳудудиасосан боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчиликка ихтисослаштирилганлиги туманга ўзгача салобат, кўркамлик ҳамда бетакрор чирой бахш этади. Бир юз элликка яқин каттаю- кичик сўлим ва бетакрор қишлоқларни ўз ичига олган туманнинг қоқ марказидан оқиб ўтадиганБулунғур ариғи ва унинг бўйидаги “Қизил китоб”га киритилган 50 дан ортиқ булоқлар нафақат туманимиз, қолаверса, вилоятимиз кўрки ҳисобланади. Бу замин лабзи ҳалол, кўнгли тоза, меҳнаткаш,меҳмондўст, асл соҳибкорлар, боғбонлар, сабзавоткорлар, бир сўз билан айтганда миришкор деҳқонлар юртидир. Шунингдек, туман меҳнаткашларининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ҳам жуда катта имкониятларга, тажрибага, иш маданиятига эга эканлиги таҳсинга лойиқдир.
“Каттақишлоқ” маҳалласи ҳудудидаги Каттақишлоқ, “Ғўбдин” маҳалласида жойлашган Қизилқўрғон қишлоқлари ҳам тумандаги ўзига хос, табиати гўзал, айниқса транспорт коммуникацияси бўйича қулай имкониятларга эга, йирик аҳоли пунктлари ҳисобланади. Бундай дейишимизнингбоиси шуки, ҳар иккала қишлоқ ҳудудидан Темир йўл ҳамда М 39-Самарқанд - Тошкент тракти ўтганлиги, қолаверса, Булунғур каналининг Каттақишлоқ қишлоғи қоқ марказидан оқаётганлиги ҳам бу қишлоқларга ўзгача манзара, салобат бахш этади. Ҳудудлардаги тепаликлар, жарликларнинг асл ҳолича сақланиб қолганлиги ҳам юқоридаги фикрларимиз исботидир.
Сўнгги йилларда бу қишлоқларнинг нуфузига, чиройига бирмунча путур етганлиги сабаб, энг аввало, бу ерда истиқомат қилишаётган аҳоли учун жиддий қийинчиликлар туғдираётганди. Йўл ёқаларидаги эски уйларнинг, маъмурий иморатларнинг нураётганлиги, мактаблар, мактабгача тарбия муассасаларидаги адоғи йўқ нуқсонлар, айниқса клубларнинг харобага айланганлиги, қишлоқлар марказига келувчи ҳамда бошқа барча ички йўлларнинг, Булунғур каналига ўрнатилган кўприкларнинг таъмирталаблиги, ҳатто айрим тупроқ йўлларга тош ҳам тўкилмаганлиги, ўрнатилган симёғочларнинг фойдаланиш муддати ўтиб кетганлиги, электр, газ таъминотидаги асабга тегувчи жиддий узилишлар, айниқса тоза ичимлик сувининг етишмаслиги ва ҳоказолар... Каттаю-кичик маъракаларнинг бош мавзуси: “Табиий газ, электр таъминоти, ичимлик суви” бўлиб қолганди.
“Электр таъминоти ўчмайдиган замонлар яна келармикан”, дегувчилар ҳам кўплаб топиларди. Ахир тўғрида, қишлоқ жойлар бир кеча-кундуз давомида нари борса 1,5 - 2 соат электр энергияси билан таъминланарди, холос. Шамол кучайган, ёғин-сочинли, қишнинг аёзли кунларда умуман электр бўлмаган кунлар ҳам кўп бўлган. Табиий газ таъминотидаги узилишларни айтмаса ҳам бўлади.
“Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ”, деганларидек муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек туманда аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган вилоят ҳокимининг 189-Қ сонли қарорига асосан “Каттақишлоқ” маҳалласи ҳудудидаги Каттақишлоқ, “Ғўбдин” маҳалласида жойлашган Қизилқўрғон қишлоқлари ҳам “Обод қишлоқ”дастурига киритилди.
Ушбу қишлоқларда барча соҳаларда кенг миқёсдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида11,323 миллиард сўм маблағ ажратилди. Кўп ўтмай бу пуллар молиялаштирилди. Хусусий тадбиркорлар, ҳомийлар ҳам қараб туришмади. “Ҳашар - элга ярашар”, деганларидек, ёшу-қари ҳашар ишларига отланишди. Шу тариқа ўтган йили апрель ойидан ҳар иккала қишлоқларда барча соҳаларда кенг кўламли қурилиш-монтаж, таъмирлаш, эски симёғочларни бетон устунларга амлмаштириш, мавжуд кўчаларда эса ободонлаштириш ишлари қизғин тус олиб кетди... Шу кунга қадар эса ушбу қишлоқларда амалда 10 миллиард сўмликдан ортиқ катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилиб, ҳудудларнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Амалга оширилаётган ушбу бунёдкорлик ишларини яна бир бор тўласинча кўздан кечириш мақсадида туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бош мутахассиси Алишер Элмуродов ҳамроҳлигида ушбу қишлоқлар томон йўл олдик.
- ДастлабКаттакишлоққа борамиз, “Обод қишлоқ” дастури бўйича иш олиб бораётган штабимиз шу қишлоқда жойлашган, - деди А. Элмуродов чор атрофга синчковлик билан назар солиб. КаттаЎзбек тракти, яъни Самарқанд - Тошкент йўналишидаги йўлдан машинасини қишлоқ марказига олиб борадиган йўлга бурар экан, қўшиб қўйди:
- У ерда дастур лойиҳалари ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан танишасиз, сўнгра қишлоқларни айланамиз.
Чор атрофга назар солар экансиз йўлнинг ҳар иккала тарафидаги эндигина барг ёзаётган дов-дарахтларга, қийғос гулга кирган ўрикзорларга, ям-яшил буғдойзорларга боқиб дилингиз яйрайди. Ҳоким ўринбосари таъкидлаганидек, штабда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, керакли маълутотларни олдик. Бу қишлоқлардаги бунёдкорлик ишларини олиб боришга ажратилган 11,323 миллиард сўм маблағнинг салмоқли қисми Республика бюджети ҳисобига, қолган қисми эса “Обод қишлоқ” фонди ва туманнинг маҳаллий бюджети ҳисобига тўғри келган.
Ушбу қишлоқлардаги 600дан ортиқ оилаларда жами 3500 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Тўғрисини айтганда, қишлоққа бундан бир неча йил илгари келган киши бугун шаҳардан қолишмайдиган ушбу гўзал масканни кўриб танимай қолиши шубҳасиз. “Обод қишлоқ” дастури доирасида ўтган йили кўклам ойларида эзгу ниятлар билан бошланган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари роппа-роса бир йил ичида ниҳоясига етказиляпти. Амалга оширилаётган ишларнинг чўғи эса баланд.Кўчалари кенг ва равон, шинам уйлар, кўркам бинолар, йўл четларидаги турли хил маиший ва савдо дўконлари, дам олиш ва кўнгил очар масканлари узукдаги дурдек қишлоқларга ярашиб турибди. Бугунги кунга келиб қишлоқлардаги мавжуд 600 дан ортиқ уй-жойларнинг барчаси юз фоиз сифатли таъмирдан чиқарилан. Автомобиль йўллари ва ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда. Бу ишлар учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳудудларда туман автомобил йўлларини қуриш бўлими йўлсозлари томонидан катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш қизғин тус олди. Таъмирлаш ишлари режалаштирилган жами13,1 километр йўллар тўлиқ таъмирланиб, шундан 3километри асфальт қилинди, Қолган тупроқ йўлларга тош тўкилиб, текисланди. Қилинган 3 километр узунликдаги асфальт йўлнинг ҳар иккала четларидаги пиёдалар юриш йўлакларига ҳам бетон йўлакчалар қуйиш ишлари тугалланди. Йўлнинг ҳар иккала тарафларига бетон ариқлар ётқизиб чиқилди. 3,5 километр узунликдаги электр тармоқларидаги симлар янгиланиб, 100дан ортиқ муддати аллақачонлар тугаган симёғочлар ўрнига бетон устунлар ўрнатилди.
Сув келтирган элда азиз, дейди халқимиз. Аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун “Бул ватер голд” хусусий корхонаси ишчилари томонидан 2 тасув иншоотларини қуриш ва бу артезан қудуқларидан ушбу қишлоқлар кўчаларига 5 километрлик сув тармоқларини тортиш ишлариҳам муваффақиятли амалга оширилиб, бу ишларга834,2 миллион. сўммаблағ сарфланди. Шунингдек, қишлоқлардаги 300 дан ортиқ хонадонларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш ишлари режалаштирилган эди. Ҳозирда уларнинг барчаси суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланди.
Дастур доирасида ҳар иккала қишлоқ аҳолисига давримизнинг юксак талаблари даражасида автотранспорт хизмати кўрсатиш ишларини тубдан яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Каттақишлоқ қишлоғида 2 та, Қизилқўрғон қишлоғида 1 та автобус бекатлари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда қишлоқларга янги автобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Ижтимоий соҳаобъектлари қурилиши борасида ҳам таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилги “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудудларда қурилиши, таъмирланиши белгиланган жами 5 та ижтимоий соҳа объектлари мавжуд эди. Шундан 2 та умумтаълим мактабларини тўлиқ капитал таъмирдан чиқариш, қўшимча синф хоналарини қайтадан қуриш, 1 та соғлиқни сақлаш, 2 та мактабгача тарбия муассасаларини бунёд этиш учун 8 миллиард сўммаблағ молиялаштирилиб, бугунги кунда бу борада 7 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Жумладан, “Қизилқўрғон” қишлоғидаги 27-сонли мактаб, 70-ўринли МТМ биноси, “Каттақишлоқ” қишлоғидаги3-мактаб, 100 ўринли МТМ бинолари, замонавий типда қурилган Зарбдор ҚВП бинолари фойдаланишга топширилди. Кези келганда таъкидлаш жоизки, фойдаланишга топширилган 2 та икки қаватли мактабгача таълим муассасаси пудратчи “Ясмина нур сервис” хусусий корхонаси ишчилари томонидан бунёд этилди. Бу мактабгача тарбия муассасалари ўзларининг замонавий меъморчилик кўриниши, салобати билан қишлоқларнинг кўркига-кўрк қўшиб турибди. Бундан ота-оналарнинг, жажжи кичкинтойларнинг қувончи чексиз.
Бундан ташқари, Каттақишлоқ қишлоғи марказида тадбиркор Низом Шеронов томонидан “Кичик футбол стадиони” қурилиши ишлари ниҳоясига етказилиб, қишлоқ ёшлари ихтиёрига топширилди. Тадбиркор Сафар Мардиев томонидан икки қаватли “Маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси”, тадбиркор Рустам Рисқулов томонидан икки қаватли “Ҳаммом” биноси қурилиши ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Шунингдек, Қизилқўрғон қишлоғида фуқаро Абдуллаев Шермат томонидан “Савдо дўкони”, тадбиркор Боймуродова Матлуба томонидан “Ҳаммом” бинолари қурилди. Ўз шахсий маблағлари ҳисобидан қурилган бу маиший хизмат масканлари ҳам бугунги кунда уларнинг ҳамқишлоқларига беминнат хизмат кўрсатмоқда.
Юқорида номлари келтирилган ижтимоий соҳа объектлари, мажмуалар ишга туширилиб, яна юзлаб янги иш ўринлари яратилди. “Обод қишлоқ” дастури имкониятларидан баҳраманд бўлишган ҳар иккала қишлоқ аҳли бир қанча қулайликларга эга бўлишди. Бунёдкорлик ва ободончилик ишларида фаол иштирок этган барча туман раҳбарлари, мутахассислари ва қурувчиларидан қишлоқлар аҳллари беҳад миннатдор. Амалга оширилаётган бу эзгу ишларнинг барчаси қишлоқ жойлардаги аҳолининг келгусида фаровон ҳаёт кечиришлари учун хизмат қилиши шубҳасиз.
Қишлоқларни айланиб қайтар эканмиз, туман хокимлиги бош мутахассиси А. Элмуродов2019 йилда ҳам “Обод қишлоқ”дастурига тумандаги яна иккита қишлоқни киритиш бўйича таклифлар берилганлигини, яқин кунлар ичида бу қишлоқларда ҳам кенг кўламили бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилишини мамнуният билан қайд этди.
Ҳа, давримизнинг юксак талабларига мос ва хос тарзда қишлоқларимиз қанчалик обод бўлиб бораверса, юртимиз кўркига-кўрк қўшилиб бораверади.
Холбой ҚОСИМОВ,
журналист.