Замбуруғларнинг табиатда 100 мингдан ортиқ тури маълум бўлиб, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланади. Айрим вақтларда истеъмолбоп турлари завод ва катта йўл атрофида ўсадиган бўлса ҳавони фильтрлаш ҳисобига истеъмол учун яроқсиз ҳолга ҳам келиши мумкин. Ўзбекистонда қалпоқчали замбуруғларнинг 170 дан ортиқ тури маълум бўлиб, шулардан 16 тага яқин тури истеъмолга яроқли, 7 та тури заҳарли ва қолганлари истеъмол учун яроқсиз турларга бўлинади.
Диёрамизда баҳор ҳамда куз ойларида қир-адирлар, майсазорлар ва ариқ бўйларида ҳар хил турдаги қўзиқоринлар ўса бошлайди. Бу эса, қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган фуқаролар учун қулай фурсат ҳисобланади. Кўча-кўйлар, катта автомагистрал йўлларда баъзи шахслар томонидан истеъмол қилиниши мумкин бўлган ва истеъмолга яроқсиз заҳарли кўзиқоринларни сотиш ҳолатлари кузатилади.
Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни турларга ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга оқ қўзиқорин, қизил қўзириқорин, шанпиньон ва опёнок киради. Заҳарли қўзиқоринларига қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин ва бошқалар киради. Тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринлар рухланган идишларда сақланганда ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин.
Автомагистрал йўл ёқаларида, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин. Чунки, машиналардан чиқадиган исгазлар ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар мочалкага ўхшаб ўз таркибига сингдириб олади ва бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиб қолиш мумкин. Йиғилган қўзинқоринларни истеъмол қилганда бир ёки бир неча шахслар заҳарланади.
Қўзиқориндан заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб қуйидагича намоён бўлади. Масалан: қизил мухамор таркибида мускаридин ва мускарин алкалоидлари мавжуд. Қизил мухамордан заҳарланганда касиллик белгилари 1-2 соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, бу айниқса заҳарланиш учун характерли белги ҳисобланади. Бундан ташқари сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши кузатилади. Томир уриши (пулъс) секинлашади ва сустлашади, алахсираш (галюцинация), титраш кузатилади, беморларда айниқса кўз қорачиғининг кенгайиши ёки уларнинг торайиши кузатилади. Беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин улар соғайиб кетадилар. Аксинча, шифокорга мурожаат қилинмаса ёки ўз вақтида даво чоралари кўрилмаса беморнинг аҳволи оғирлашиб, баъзан бу ҳолат ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.
Бундай нохуш ҳолатлар кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс адабиётлардан ва шу мавзудаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, заҳарли қўзиқоринлардан истеъмолга яроқли, яъни заҳарланмаганини ажрата билиши лозим. Мактаблар, олий ва ўрта махсус билим юртларида бу билан батафсилроқ танишиш имконияти бирмунча юқори. Бозорлар ва савдо дўконларида қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилиш керак бўлади.
Шунингдек, инсонлар дала ҳовлиларда, яйловларда ва ариқ бўйларида ўсган ҳар хил турдаги қўзиқоринларни истеъмолга яроқли ёки яроқсизлигини билмасдан териши ва истеъмол қилишлари тақиқланади.
Тўлқин САТТОРОВ,
туман ДСЭНМ санитария бўлим шифокори.
Зиёда САТТОРОВА,
“Саломатлик маркази” шифокори.