Лизинг - инглизча “Leasing Iease” сўзларидан олинган бўлиб, ижара, мулк ижараси маъноларини беради. У молиявий ижаранинг алоҳида тури бўлиб, унда бир тараф (берувчи) иккинчи тарафнинг (олувчи) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчи) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (объект) мулк қилиб олади ва уни олувчига шу шартномада белгиланган шартларда ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради.
Лизинг тўловлари – лизинг берувчига объект қийматининг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек, берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади. Тўловлар шартноманинг бутун амал қилиш муддатига тақсимланади ва уни шартнома бўйича олувчига берилиши борасидаги инвестиция фаолияти туридир. Мазкур фаолият тури билан асосан лизинг компаниялар ва тижорат банклари шуғулланишади.
Лизинг шартномаси – ёзма шаклда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади. У тарафлардан бирининг талабига кўра мол-мулк лизинг объекти ҳисобланиб, у ҳақда тузиладиган битимлар қонунга мувофиқ нотариал тасдиқланиши талаб қилинадиган ҳолларда нотариал тасдиқланади.
Тарафларнинг келишувига биноан шартномага қуйидаги шартлар киритилиши мумкин: объектни сотиб олиш тартиби ва муддатлари, шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш, объектни суғурта қилиш, форс-мажор ҳолатлари, лизинг берувчи қўшимча хизматлар кўрсатиши, шунингдек шартномага қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқ а шартлар ҳам киритилиши мумкин.
Лизинг шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш, агар қонун ҳужжатларида ва шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар келишувига биноан амалга оширилиши мумкин.
Зиёвудин СУЛАЙМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
бошқарма катта прокурори.