Яқинда “Булунғурпилла” корхонасида ҳар йилги анъанага кўра бир пиёла чой устида туманнинг илк ҳосили – “кумуш тола” қабул қилиш мавсумининг бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирга меҳнат фахрийлари, нуронийлар, туман фаоллари, моҳир пиллакорлар таклиф этилди. Шунингдек, ушбу тантанали маросимда туман ҳокими Б. Баҳромов, Сингапурлик тадбиркор Капур жаноблари ҳамда “Вилоятпилла” корхонаси раҳбарлари иштирок этишди. Тадбир аввалида туман бош имом хатиби Тўлқин Равшанов томонидан“Қуръон” тиловат қилиниб, туман пиллакорлари томонидан бу йилги мавсумда мўл-кўл пилла ҳосили етиштирилишига эзгу тилаклар билдирилди.
Туман ҳокимиБ. Баҳромов тантанали маросимни очиб, тадбир иштирокчилари ва пиллакорларни “кумуш тола” қабул қилиш мавсумининг бошланиши билан самимий муборакбод этди. Сингапурлик Капур жаноблари билан моҳир пиллакорларгатуман хокимлиги ва “Булунғурпилла” корхонаси маъмуриятининг қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширишди.
Ўз мухбиримиз.
* * *
Туман пиллакорлари жорий йилда давлатга 105 тонна “кумуш тола” етказиб беришади. 1909 та пиллачилик звенолари кўзланган маррани забт этиш учун ипак қурти парваришлашмоқда.
– Навоий агрофирмасидаги пиллакор Нурхон Сайдуллаева, Оқтепа маҳалласида яшовчи пиллакор Яхшигул Минглибоева, Зарбдор маҳалласидан Комила Шодмоновалар пилла қабул қилиш шохобчасига туманда биринчилардан бўлиб 45, 50, 60 килограммдан пилла топширишди, - дейди “Булунғурпилла” бош агрономи Саидмурод Тўғизбоев. - Ўтган 2017 йилда пилла боқишда кўпчиликка ибрат кўрсатишган илғор пиллакорларга туман ҳокими Б.Баҳромов эсдалик совғаларини топширди.
Суратда: илғор пиллакорлар Зебинисо Эргашева ва Турсуной Валиевалар пилла топширмоқдалар.