МУЗЕЙГА ЁРДАМ КЎРСАТИЛИШИ ЗАРУР
Газетамизнинг 2019 йил 10 сентябрь сонидаги “Мозийдан сўзловчи музей – ёрдамга муҳтож” сарлавҳасили мақолада туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумий ўрта таълим мактаби қошидаги “Тарих ва ўлкашунослик” музейидаги камчилик ва муаммолар тўғрисида фикр юритилганди.
Яқинда таҳририятимизга туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи С. Бердиқулов имзоси билан жавоб хати келди. Унда шундай дейилган: - Ҳақиқатдан ҳам Булунғур туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумий ўрта таълим мактабида 1984 йилда ташкил этилган “Тарих ва ўлкашунослик” музейида сақланаётган тарихий экспонатлар сифатли ва тартибли ҳолда сақланиши учун қўшимча хона ва инвентьарлар етишмайди. Шу сабабли Булунғур туман молия бўлимига 3-умумтаълим мактабидаги ушбу музейга амалий ёрдам беришларини сўраб, ёзма равишда мурожаат қилдик.
Музейдаги аҳвол яхшиланиши учун албатта, бирмунча маблағ талаб этилади. Ўйлаймизки, тез орада бу ишга мутассадди бўлганлар томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилиб, “Тарих ва ўлкашунослик” музейдаги аҳвол ижобий томонга ўзгаради.
Ўз мухбиримиз.