Булунғур азалдан достончиликда ном чиқарган, бу соҳада ўзига хос мактаб яратган юрт. Айниқса, қаҳрамонлик мавзусидаги достонлари билан машҳур бўлган Булунғур достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири эса шубҳасиз Фозил Йўлдош ўғлидир.
Таниқли фольклоршунос олим Ҳоди Зарифов бу машҳур бахши шоир тўғрисида шундай деган эди: "Фозил шоир ўтмиш адабий меросидан 40 га яқин достонни билиши билан ажралиб туради". Бахши-шоирнинг "Жиззах қўзғолони" достони 1916 йилдаги мардикорликка олишга қарши кўтарилган қўзғолон воқеаларини ҳаққоний, бадиий тасвирлаб, ўз кўзи билан кўрган воқеаларни куйлаши билан ажралиб туради.
"Жиззах қўзғолони" достони мустамлакачилик тузуми даврида чоп этилган бўлиб, кўплаб ўзгариш ва қисқартиришлар киритилган. Эндиликда бу достонни қайта кўриб чиқиб, нашр эттириш ва тарихни ҳаққоний ёритиш долзарб вазифалардан. Бахши шоирнинг "Очил дов" достони ҳам Самарқанд тарихий ўлкашунослиги учун муҳим манба бўла олади. Бахшининг бу достони ҳам Ҳоди Зарифов томонидан ёзиб олинган ва ўтган асрда "Дастагул" номли достонлар тўпламида чоп этилган. Достонда бугунги кунда муҳим манба ҳисобланган "босмачилик ҳаракати" деб тамға босилган миллий озодлик кураши, бу ҳаракатнинг Самарқандда ёйилиш тарихи тўғрисида сўз боради.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жомбой, Пайариқ, Оқдарё туманлари, Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол туманларидаги тарихий воқеалар ҳамда жойлар ҳақида бой маълумотлар беради. Достонда тарихий шахслар, халқнинг ижтимоий ҳаёти, яшаш тарзи, айрим атамалар, жумладан, солиқ номларитасвирланган ўринлар кўп. Достонда туманимиз ҳудудида жойлашган Килдон, Мўғол, Чўянтепа, Каптархона, Соболоқ, Ингичка,Хўжамазгил, Қорақурсоқ, Чангал, Оқтепа қишлоқлари, бу қишлоқларда яшаган миллий озодлик кураши қатнашчилари тўғрисида батафсил маълумотлар кўп. Масалан, Килдон қишлоғидан Мамарайимбой, қишлоқ имоми мулла Турди, камбғал йигит Қулмат, Нурматбой деган кишилар ҳақида маълумотлар бор. Бу кишилар ҳақиқатда шу ҳудудда яшаб, ёвга қарши кураш олиб боришган. Уларнинг авлодлари, жумладан Мамарайимбойнинг набиралари Килдон қишлоғида, мулла Турдининг набиралари эса Кичик Килдонда яшашади.
Достонда бошқа ҳам кўплаб тарихий шахслар тилга олинган.
Улар Очил дов билан ёнма-ён кураш олиб боришган. Достоннинг яна бир хусусияти, ўша даврдаги жой номлари, бозорлар ҳақида ҳам ҳикоя қилинганлигидир. Чўянтепа, Жомбой, Ўсмат, Оқтепа, Яканшик бозорлари, унинг халқ ҳаётида тутган ўрни кенг тасвирлаб берилган.
Достонда нафақат Булунғур, шунингдек Ўсмат, Ғаллаорол, Жомбой, Оқдарё, Каттақўрғон туманларидаги жойлар, тарихий шахслар, бозорлар, муҳим воқеалар ҳам куйланганки, бу маълумотларни ўрганиш орқали маҳаллий ўлкашунослигимизга оид кўплаб аниқ маълумотлар билан катта ҳисса қўшиш мумкин. Зеро, мустамлакачилик даврида бу маълумотларнинг кўпи халқдан яширилган ёки сохталаштирилган эди. Шу сабабли бу достонларни таҳлилий нуқтаи-назар билан чуқур ўрганиш лозим.
Қаҳрамон МУРОДОВ,
2-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.