Бирор-бир юмуш билан эрталаб уйдан остона ҳатлаб чиққан киши борки, аксарият ҳолларда истеъмолчига айланиши шубҳасиз. Биз йўлларда транспортлардан фойдаланганда, савдо дўконларидан, деҳқон бозорларидан бозор-ўчар қилганимизда, коммунал ва бошқа шунга ўхшаш хизматлардан фойдаланганимизда, албатта, истеъмолчи сифатида ҳақ-ҳуқуқларимизни ўзимиз ҳимоя қилишимиз лозим. Бунда биз аввало, истеъмолчи сифатида сотиб олаётган маҳсулотимизнинг яроқлилик муддатига, сифатига алоҳида эътибор қаратишимиз, сотувчидан сотиб олаётган маҳсулотимиз учун товар чеки ёки касса чекини талаб қилишимиз керак. Лекин, биз аксарият ҳолларда бу нарсаларни талаб қилишдан истиҳола қиламиз. Маҳсулотимиз сифатсиз чиққанидан сўнг эса сотувчи билан тортишамиз. Натижа чиқмагач ҳуқуқимизни тиклаб беришларини сўраб керакли жойларга арз билан мурожаат қиламиз.
Яқинда туман ИҲҲҚЖ ижро аппаратига истеъмолчи сифатидаги бир фуқаро ҳуқуқини тиклашда амалий кўмак беришни сўради. “Каттақишлоқ” МФЙ фуқароси У. Баратов туман марказида жойлашган автомобиль эҳтиёт қисмлари сотувчи дўкондан “Дамас” русумли автомобилига 450.000. (тўрт юз эллик минг) сўмга сотиб олган маҳсулоти сифатсиз чиққанлиги учун, “Сариқипчоқ” МФЙда яшовчи Т. Ҳайдаров кредит орқали уч йил кафолати билан олган “РОССИ” маркали телевизори сифатсиз чиққанлиги туфайли сифатлисига алмаштириб беришларини сўраб мурожаат қилишди. Туман ИҲҲҚЖ ижро аппарати ходимлари томонидан мурожаатлар жойида ўрганиб чиқилди ва ўз вақтида нуқсонли маҳсулотлар сифатлисига алмаштириб берилди.
Комилжон ОЧИЛОВ,
туман ИҲҲҚЖ ижро аппарати раиси.