Ўз ҳақ-ҳуқуқини тўлиқ англаб етмаган айрим истеъмолчилар хизмат кўрсатиш шахобчаларида, савдо-сотиқ пайтида бирор-бир муаммога дуч келсалар, белгиланган тартиб-қоидалар асосида ҳуқуқини талаб қилишни, қаерга қандай тартиб билан мурожаат этишни билмай хуноб бўлишади.
Небўса МФЙда яшовчи фуқаро Баҳодир Шерназаров ҳам ана шундайлардан. У жорий йилнинг март ойи охирларида Булунғур шаҳри, Булунғур шохкўчасидаги “Зебо” фотосалони ёнида жойлашган “Жавоҳирбек Бахт” номли маиший техника воситалари сотиш билан шуғулланадиган дўкондан “Ассер” русумли ноутбукни 2.600.000 (икки миллион олти юз минг) сўмга кредит ҳисобига, олти ойга кафолат муддати билан сотиб олиб, жойида текшириб кўрмасдан олиб кетган. Б. Шерназаров сотиб олган “Ассер” русумли ноутбукни носозлиги сабабли дўкон сотувчиси Санжар Хўрозовга қайтариб олиб келади. Сотувчи эса турли важлар билан ноутбукни қайтариб олмайди. Анча оворагарчиликлардан сўнг истеъмолчи Б. Шерназаров ушбу масалага ойдинлик киритиб ёрдам беришимизни сўраб мурожаат қилди. Мурожаат ходимларимиз томонидан жойида ўрганилиб, сотувчи Санжар Хўрозовга Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари тушунтирилганидан сўнг у истеъмолчига ноутбукни бошқасига алмаштириб берди. Б.Шерназаровнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқи тикланди.
Комилжон ОЧИЛОВ,
туман ИҲҲҚЖ ижро аппарати раиси.