Ҳалол меҳнат билан топилган пулгина инсон манфаатларига хизмаг қилади. Жиноий йўл билан эса бойлик орттириб бўлмайди. Б.Элибоев ва Ф.Абдухалиқовлар ҳам жиноий савдони амалга оширишиб, панжара ортига ўтишга мажбур бўлишди.
Б.Элибоев бултур баҳорда ўзи яшайдиган "Чорбоғ" маҳалласидаги уйи томорқасида «каннабис» гиёҳванд ўсимлигини экиб, пинҳона парваришни бошлаб юборди. Август ойида эса етилган ўсимликни бошқалардан яшириб, қуритиб олди. Марихуана аталмиш бу гиёҳвандлик воситасининг бир қисмини ўзи истеъмол қилиб, қолганини сотиш учун гугурт қутиларга жойлади.
Ф.Абдухалиқов “Нексия” русумли енгил автомашинасида ҳайдовчи сифатида ишлаб, “Булунғур - Килдон" йўналишида киракашлик қиларди. У Б.Элибоев билан дастлаб танишганида шунчаки салом-алик қилиб юрди. Кейинчалик эса бу йўловчисига “дарди”ни айтди, гиёҳванд модда топишда ёрдам беришини илтимос қилди. Б. Элибоевда бу “маҳсулот" бор эди.
2018 йил сентябрда Ф. Абдухалиқовга таниши қўнғироқ қилиб, чекиш учун гиёҳвандлик моддаси топишда ёрдам сўради. “Ҳожатбарорлик" қилишни ўйлаган Ф.Абдухалиқов эса таниши Б. Элибоевга қўнғироқ қилиб, "буюртма" борлигини айтди. Б.Элибоев гугурт қутиларига жойланган “маҳсулот”ни “Чорбоғ” МФЙ ҳудудидаги ички йўлда Ф. Абдухалиқовга сотди.
Энди "маҳсулот”нинг бир қисми "буюртмачи"га ҳам етказилиши керак эди. Ф.Абдухалиқов Булунғур шаҳридаги "Юлдуз“ кинотеатри рўпарасидаги жойда гугурт қутисига жойланган "марихуана” гиёҳвандлик воситасини танишига сотаётганида туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди. Унинг бошқарувидаги "Нексия'' русумли автомашинанинг олд ўриндиғи тагидаги гугурт қутиларига жойланган "марихуана" ҳам ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тинтув чоғида топилди.
Ф. Абдухалиқовдан топилган гиёҳвандлик моддаси унга Б. Элибоев томонидан сотилганлиги сабабли ИИБ ходимлари уни ҳам ушлаб, шахсий тинтув ўтказишди. Унинг ёнидаги пуллар орасида эса Ф. Абдухолиқов томонидан “буюртма” учун берилган пул ҳам борлигини тан олди. Шу тариқа жиноий савдо фош бўлди.
Ушбу жиноий савдо билан боғлиқ иш жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судида кўриб чиқилди. Б. Элибоев ва Ф. Абдухалиқовлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилди ва шу тариқа жиноий савдога чек қўйилди.
Пўлат ҒАФФОРОВ.