Фақат ҳалол меҳнат билан ишлаб топилган пулгина инсоннинг эҳтиёжларига хизмат қилади. Бировнинг мулкига кўз олайтирган банданинг юзи қора бўлиб, қилмишига яраша жазосини топади. Янгиқўрғон МФЙ, Истиқлол кўчасида яшовчи Илҳом Яхшибоевнинг қилмиши бунга мисолдир.
Илҳом шу йил апрел ойида ҳам жиноий ишга қўл уриб, суд ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 169-моддаси 2-қисмининг “г” банди бўйича айбдор, деб топилган, унга 2 йил 6 ойга ахлоқ тузатиш жазоси берилган эди. Бироқ, у бундан хулоса чиқармади, эгри йўлдан қайтмай, яна қинғир ишга қўл урди.
Шу йил 31 май куни спиртли ичимлик ичиб, “кайф”нинг кучи билан кўпроқ пул топмоқчи бўлди. Маҳалладоши Ахатжон Исахановнинг уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, меҳмонхонасига киради ва у ердан баҳоси 500.000 сўмлик “Самсунг” русумли планшет ва баҳоси 160.000 сўмлик “TP LINK” русумли “W1-FI” телефон аппаратини ўмариб, уйни тарк этади.
Ўмарилган планшет ва телефонни танишларига арзонгина нархда пуллаган Илҳомнинг қилмиши тезда фош бўлди, ўғирланган планшет ва телефон эса эгасига қайтарилди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди И. Яхшибоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор, деб топди ва 3 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Ойбек ЖАМОЛОВ,
туман ИИБ тергов бўлими
суриштирувчиси, лейтенант.