Азим бобо – уста дурадгор, сандиқчи эди. У киши ясаган эшик-деразалар, хонадонларни безаб турган сандиқлар эл хизматида. Турмуш ўртоғи Анор момо томорқасида турли кўкат ва зиравор, ноз-неъматлар етиштириб, рўзғордан ортганини бозорга чиқарарди. Хуллас, оила бошлиқлари эл хизматидаги одамлар бўлишган. Шундай оиладан маҳоратли спортчилар етишиб чиқишини эса кўплар ўйламаган.
Оила фарзандлари Суюн ва Улуғбеклар шаҳримиздаги 22-умумтаълим мактабида, кейинчалик Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида ўқиб юрган кезларидаёқ тўпурар футболчилар сифатида танилишган. Ҳозирги кунда эса Суюн Юсуповнинг ўғли Жасур вилоятимизнинг “Динамо” футбол жамоасида 7-рақамда тўп сураяпти.
- Жасур Азимов фақат вилоятимиздагина эмас, республикамиз футболида ҳам танилиб келмоқда, - дейди туманимизнинг “Диёр” футбол жамоаси мураббийи Анвар Юсупов. – Ёдимда, ўтган йилнинг куз ойларида “Динамо” Қаршининг “Насаф” жамоаси билан тўп сураётган, ўйин охирлаб қолган эди. Ҳисоб 0:0. Шу пайт тўп “Динамо” ўйинчиси, 7-рақамдаги Жасур Азимовга келиб тушди. У барча рақибларини доғда қолдириб, тўпни дарвозага тепди. Майдонда томошабинларнинг қийқириғи янгради: “Го-ол!” Қарангки, Жасурнинг битта голи “Динамо”га 3 очко келтирди. Бундай ҳоллар эса тез-тез бўлиб турибди. Мен шогирдларимнинг маҳорати янада ўсишига ишонаман.
Хонадоннинг яна бир вакили, Улуғбек Юсуповнинг ўғли Дилшод ҳам “Динамо” жамоасининг дублёрида тўп сураяпти. “Ака-ука футболчилар Булунғур шаънини юксакларга кўтаришларига ишонса бўлади”, дейишмоқда футбол мухлислари.
Саид ТУРДИЕВ.