Ўзига хос бетакрор миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз барҳаётлиги билан элимиз ардоғида. Шу боисдан, бу анъаналаримиз янги қирралар билан бойиб, халқимиз қалбидан мустаҳкам жой эгаллаяпти. Туманимиз маҳаллаларида ўтказилаётган тадбирларда бу равшан кўзга ташланаяпти.
“Чўянтепа” МФЙда “Ўроқли” МФЙ билан ҳамкорликда ўтказилган “Намунали қайнона ва пазанда келин”, Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида “Ғўбдин” ва “Каттақишлоқ” МФЙлар ҳамкорлигида ўтказилган “Қизлар давраси”, шаҳар маҳаллалари ҳамкорлигида ўтказилган “Келин-куёв” шоуси, “Килдон” МФЙда ўтказилган “Қизлар спартакиадаси”, “Соҳибкор” МФЙда ўтказилган “Миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлайлик”, “Бешқўтон” МФЙда ўтказилган “Ибратли оила” каби тадбирлар ўз мазмун-моҳияти билан барчанинг эътиборини қозонди. Тадбирларда ҳунарманд қизлар томонидан тайёрланган миллий каштачилик, зардўзлик, амалий санъат намуналари ўз ҳаётийлигини амалда кўрсатди.
Бу каби тадбирлар фаол иштирок этганлар туман хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
НИКОҲ ТАЛАБИ – ҚОНУНИЙЛИК
Тан олиш лозим, айрим ҳолларда ёшлар қонун асосида эмас, фақат шаърий никоҳ воситасида янги оила қуришмоқда. Бу нотўғри йўл. Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида ўтказилган очиқ мулоқот “Қонуний никоҳнинг афзалликлари, шаърий никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзусига бағишланди.
Тумандаги расмий имом-хатиблар, отинойилар, МФЙлар фаоллари, муаммоли оилалар вакиллари ҳамда “Оила маркази” мутахассислари очиқ мулоқотда ўз фикрларини билдиришиб, қонунга амал қилиш барчанинг бурчи эканлигини таъкидлашди.
Очиқ мулоқотда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М. Тожибоев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси Б. Фармоновлар иштирок этишиб, кун тартибидан жой олган масаланинг муҳимлиги бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Маҳбуба ҚУРБОНОВА,
туман хотин-қизлар қўмитаси
бош мутахассиси.