Семинарда туман ҳокими ўринбосарлари, 55 та МФЙ раислари, умумтаълим мактаблари директорлари, Тиббиёт бирлашмаси ва ИИб ходимлари, савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Қурбоновлар иштирок этишди.
Қўнғирот маҳалласи фуқаролари асосан кўчатчилик билан шуғулланишади. Семинар иштирокчилари дастлаб фуқаро Илаш Қўшмоновнинг 20 сотихли томорқасида амалга оширилган ишлар билан танишдилар.
- 1979 йилдан буён кўчатчилик билан шуғулланиб келаяпмиз, - дейди томорқа эгаси Илаш Қўшмонов. - Ҳар йили эни 2 метр, узунаси 30 метрлик 10 та парникда помидор, булғор қалампири, бақлажон, карам, қалампир каби кўчатлар етиштираяпмиз. Кўчатларни асосан деҳқон-фермер хўжаликларига шартнома асосида, келишилган нархларда етказиб берамиз, ортганини бозорга чиқарамиз. Биргина кўчатчиликдан йилига 12-15 миллион сўм даромад олаяпмиз. Уруғларни дастлаб бозорлардан олар эдик. Бу соҳада тажрибамиз ортгач, уруғларни ҳам ўзимиз томорқамизда тайёрлайдиган бўлдик. Етилган кўчатларимиз ўрнига помидор, булғор қалампири, бақлажон, карам, картошка каби сабзавот маҳсулотлари етиштирамиз. Рўзғоримиздан ортганини бозорга чиқарамиз, қайта ишлаш корхоналарига етказиб берамиз. Шу томорқамиз туфайли рўзғоримизга қут-барака келиб турибди.
- Илаш аканинг томорқасидаги ишларини кўриб у кишига ҳавас қилдим, - дейди “Навбаҳор” МФЙ раиси Зоир Мавлонов. - Бирор қарич ҳам бўш жойни кўрмадим. Томорқага дид билан ишлов берилган. Айниқса, бу ерда амалга оширилган ободончилик ишлари ҳам кўзни қувонтиради. Сув йўллари, ариқлар тозаланган, мавжуд дарахтларга шакл берилиб, оқланган.
Семинар иштирокчилари шунингдек, Тўлқин Дувланов, Шарофат Анорова, Зуҳра Тумановаларнинг томорқаларидаги ишларга ҳам юксак баҳо беришди. Мухтор Ҳамроевнинг асаларичилик ишларини кўздан кечирдилар. “Элобод” МФЙдаги фуқаролар Ҳусниддин Нишонов, Шерали Ибрагимов, “Деҳқонобод” МФЙ фуқароси Рустам Норқуловларнинг томорқаларида экилган ва экилаётган картошкачилик ишлари билан танишдилар.
Семинар давомида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш туман Кенгаши раиси ўринбосари Абдунаби Маллаев ва савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича туманимизга бириктирилган вакил Жасур Қурбоновлар томорқа эгалари олдида турган муҳим масалалар, томорқа эгалари, деҳқон ва фермерларга Президентимиз томонидан кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар ҳақида батафсил тушунча бериб ўтдилар.
Раббим ҲОТАМОВ.