9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг хореография синфи ўқитувчиси Юлдузхон Мамадалиева билимдонлиги, касбига садоқати билан ёшларнинг севимли устозига айланган. Юлдузхон 15 йилдан буён ёш ҳаваскор қизларга миллий санъатимизнинг рақс сирларини маҳорат билан ўргатиб келмоқда.
- Юлдузхон тарбиялаётган ёш раққоса қизларимиз туманимизда ва вилоятимизда бўлиб ўтаётган барча тадбирларнинг иштирокчиси айланишди, - дейди 9- сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Шербек Ярматов. - Миллий рақсимизнинг кўрки бўлган Мукаррама Турғунбоеванинг шогирдлари бизнинг мактабда ҳам етишиб чиқаётгани қувончлидир.

- Машғулотларимизда қатнашаётган 25 нафар иқтидорли ёш қизлар миллий рақсларимизни маромига етказиб ижро этиш сирларини қунт билан ўрганишмоқда, - дейди Юлдузхон Мамадалиева. - Айни пайтда ёш раққоса қизларимиз билан биргаликда бепоён юртимиз Мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида тайёргарлик ишларини қизғин бошлаб юбордик.
Раббим ҲОТАМОВ.